Ру Ўз O`z En

Профилактика тадбирлари натижасида ўн мингдан ортиқ ҳолатда сув исроф бўлишининг олди олинди

14 Июль 2022 1651

Қишлоқ хўжалигида сув танқислигини олдини олиш ва сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар юзасидан қабул қилинган Президент ҳамда Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзагроинспекция” томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига, шунингдек, сув олиш лимитларига қатъий риоя этилиши бўйича тизимли назорат ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, 2022 йил вегетация даврида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш мақсадлари учун ажратилган 28,2 млрд м3 сув олиш лимитлари доирасида фойдаланилиши назоратга олинди.

Инспекция томонидан сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишига оид қонунбузилиши ҳолатларини эрта олдини олиш мақсадида жойларда 12 430 та профилактика тадбирлари ўтказилиб, унда 24 954 нафар фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари  ходимлари иштироки таъминланган. 

Ўтказилган профилактика тадбирларида аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар кўриб борилиши натижасида 10 мингдан ортиқ ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувнинг исроф бўлиши олди олинган бўлса, 2 423 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинишига эришилди.

Бундан ташқари, Инспекция ходимларининг амалий ёрдами билан 835 та ҳолатда сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилари ўртасидаги низоли ҳолатлар бартараф этилди, 1107 та ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган сув истеъмолчиларига сув етказиб беришда кўмаклашилди, 142 та жойда ўқув семинарлари ташкил қилинди ҳамда 598 та ҳолатда амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш, уларнинг талаблари бузилишининг олдини олишга қаратилган услубий ва тавсиявий ёрдамлар кўрсатилди. Бунинг натижасида эса, сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, суғориш учун ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш таъминланмоқда.

Бугунги кунда, “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туманлар бўлимлари томонидан жойларда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатилган.

"Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси

Text to speech