Яна бир неча кундан сўнг ғалла ўрим-йиғим ишлари бошланади. Ўтган йил кузидан бошланган меҳнатнинг самараси бугун далаларда ғаллалар бўй кўрсатмоқда. Маълумот ўрнида айтиш лозим, жорий йилда Қашқадарё вилоятида 26 та ғаллачилик кластерлари ташкил қилиниб, 2022 йил ҳосили учун 140,0 минг гектар сувли майдонларда 6600 нафар фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида бошоқли дон ҳосили етиштирилмоқда. Ҳар бир гектардан ўртача 69,7 центнердан жами 360 минг тоннадан зиёд ғалла етиштириш кўзда тутилган.
Белгиланган режани бажариш, ғалла ўрим-йиғимини ўз муддатида ва сифатли ташкил этиш мақсадида 379 та техника, жумладан “Кейс”, “Клас”, “Вектор-410”, “NY-holland” ва бошқа русумли дон ўриш комбайнлари “Агросервис МТП” МЧЖнинг туман филиалларида марказлашган ҳолда йиғилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилди. "Ўзагроинспекция" нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан ҳар бир комбайннинг таъмирланиши бўйича инспекция қилинган маблағларнинг ўзлаштирилиши ва эҳтиёт қисмлар билан тўлиқ таъминланиши юзасидан кунлик назорат тадбирлари олиб борилди. Айни кунларда операторлар билан мавсум олди тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Инспекциянинг кўчма диагностика махсус автомашинасида ҳар бир комбайн кўрикдан ўтказилмоқда.
Хусусан, Нишон Агросервис машина трактор паркида ҳам мавсум олди тарғибот ишлари олиб борилиб маскандаги комбайнлар техник кўрикдан ўтказилди.
-Вилоят туманлари ичида энг кўп комбайн Нишон туманида бўлиб, бугун 65 та юқори унумли комбайнлар мавсумга шай ҳолатда,-дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси катта инспектори Ш. Тожиев. - Бугун 9 хил турдаги кўчма диагностик воситалар асосида яна бир бор техник кўрик ташкил этилди ва камчиликлар жойида бартараф этилмоқда.
Мавсумга шай комбайнлар тегишли ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида тўлиқ қабул қилиб олиниб, сертификатлар топширилди.
Мавсумни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш учун 176 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, дон ўриш комбайнларидан ташқари яна 1738 дона дон ташиш транспортлари, 67 та ёқилғи мойлаш маҳсулотлари қуйиш техникалари ҳамда 118 та кўчма таъмирлаш устахоналари билан таъминланди.
Шу билан бирга ҳудудлардаги ўз ишига масъулият билан ёндошувчи, фидокор ҳамда жамоатчилик орасида фаол бўлган ташкилот раҳбарларидан отряд бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари тайинланди.
Вилоятнинг барча туманларида масъул раҳбарлар томонидан ўқув амалий семинарлари ташкил этилди. Семинарларда ўрим-йиғим мавсумини беталофат ўтказиш, ҳар бир донни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва жорий йилда ҳар йилгидан фарқли равишда, ўрим муддатини камида 10 кунга қисқартириш бўйича тавсиялар берилди.
Мақсад ғаллакорлар томонидан етиштирилган 140 минг гектар майдондаги ғаллани нес-нобул қилмай қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш режалаштирилган.
С. Исмоилова, “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ахборт хизмати раҳбари