Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари сифати ва хавфсизлиги масаласида халқаро ҳамкорликка эришилмоқда

1 Май 2024 821

Бугун "Ўзагроинспекция" ҳузуридаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш" давлат муассасасининг марказий уруғчилик лабораториясига юртимизда бўлиб турган Германиянинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири ўринбосари Др. Офелия Ник бошчилигидаги делегациянинг бир гуруҳ вакиллари ташриф буюрди.

Мутахассислар дастлаб, Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларининг экинбоплигини, ГМО ва хавфсизлигини аниқлаш лабораторияси фаолияти ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаштириш, Пахта толаси ва момиғини синовдан ўтказиш, Стандарт намуналар тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар ва сўнгида марказий лаборатория имкониятларини юқори баҳоладилар.

Тадбир давомида Марказ раҳбари Ж. Каримов бошчилигидаги лаборатория мутахассислари, иккинчи томондан Ўзбекистон-Германия икки томонлама ҳамкорлик дастури вакили- Dr. Мальте Мюллер бошчилигидаги экспертлар- Қишлоқ хўжалигида барқарор ва иқлимга чидамли уруғчилик ва сифатли озуқа ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа доирасида қандай кўмак бера олиши мумкинлиги борасида самимий суҳбат қурдилар.

Суҳбат давомида экспертларга "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш" маркази томонидан "Ўзагроинспекция"нинг марказий уруғчилик лабораториясини халқаро ISTA ташкилотидан аккредитациядан ўтказишда кўмаклашиш ҳамда шу мақсадда лаборатория ҳужжатлари ва ходимларини тайёрлаш учун узоқ муддатга халқаро эксперт ажратиш ва келгусида мазкур соҳада янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech