“Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 2020 йил 9 ойи давомида маъмурий амалиёт соҳасида жами бўлиб 1057 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Шундан 857 таси туман бўлимлари томонидан кўриб чиқилган бўлиб, 193 таси мазмунан кўриб чиқишлик учун тегишлилиги бўйича туман маъмурий ишлар бўйича судларга ва қолган 7 та материал қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Судларга юборилган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг 170 таси тадбиркорлар томонидан содир этилганлиги аниқланган.
Жумладан, жорий йилнинг июль ойида вилоятнинг Оҳангарон туман бўлими томонидан “Музаффар Агро Груп” фермер хўжалигининг 2020 йил ҳосили учун ғалла жойлаштирилиши режалаштирилган ер майдонларида ўтказилган мониторинг натижасида кўра, Янгиҳаёт ҳудудидаги “Музаффар Агро Груп” фермер хўжалигининг амалдаги 236.2 гектар суғориладиган ер майдонига 160.0 гектар бошоқли (буғдой) экин ва 50.0 гектар дуккакли экин, 10.3 гектарига мойли кунгабоқар, 13.0 гектарига полиз ва 2 гектар озуқа экилиши режалаштирилган бўлсада, “Агробанк” АТБнинг фермер хўжалигига “Ғалла-2020 йил” учун ажратилган жами 382 млн 085 минг сўмлик кредит маблағларидан мақсадсиз фойдаланиб, ушбу пул маблағларини бошқа турдаги экинларни парвариш қилиш учун йўналтириб талон-тарож қилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб боришлик учун туман прокуратурасига юборилган.
Соҳа йўналишлари бўйича бажарилган ишлар жумладан, пахта хом ашёси, дон уруғлари, кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштириш йўналишлари бўйича бўлимлар томонидан 20 та маъмурий ишлар қўзғатилган, пахта хом ашёси, дон уруғлар ва ундан қайта ишланган маҳсулотлардан фойдаланиш йўналишлари бўйича бўлимлар томонидан 2 та маъмурий ишлар қўзғатилган, шундан 1 таси судга юборилган, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаси ҳолатлари, агротехник тадбирларнинг ўтказилиши йўналиши бўйича 502 та маъмурий ишлар қўзғатилиб, бўлимлар томонидан кўриб чиқилган, 2 та маъмурий иш судга юборилган, чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш йўналиши бўйича 1 та маъмурий иш қўзғатилган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш йўналиши бўйича 178 та маъмурий ишлар қўзғатилиб, бўлимлар томонидан кўриб чиқилган ва 23 та маъмурий иш судга юборилган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш йўналиши бўйича 298 та маъмурий ишлар қўзғатилган. Шундан бўлимлар томонидан 147 та иш кўриб чиқилган ва 151 таси маъмурий судларга юборилиши таъминланган.
С. Садиков, “Ўзагроинспекция” Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи