Республика пахтачилигида Қорақалпоғистон Республикаси энг шимолий минтақада жойлашганлиги билан ажралиб туради. Шу боисдан ҳам ушбу минтақада асосан эртапишар ғўза навларининг уруғлик чигити тайёрланади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорига биноан 2023 йил ҳосили учун 86 минг 800 гектар майдонга истиқболли, районлаштирилган ва янги ғўза навларини экиш белгиланган.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 14 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият юритиб келмоқда. Мавжуд кластер корхоналарини узлуксиз равишда юқори авлодли (оригинал, элита) уруғлик чигит билан таъминлаб бориш мақсадида ҳудудларда 4 та элита уруғчилик хўжалиги фаолият олиб бормоқда.
2023 йил ҳосили учун чигит экиладиган майдонлар талабидан келиб чиқиб, Республикада 4 минг 400 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 100 тонна туксизлантириш ҳамда 4 минг 150 тонна дорилаш (пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан) талаб этилади.
Мазкур жараёнлар Амударё, Беруний ва Кегейли туманларидаги уруғлик чигит тайёрлаш корхоналарида амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур жараёнлар билан жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари, уруғлик тайёрловчи кластер корхоналарининг масъул ходимлари ва уруғлик етиштирувчи фермер хўжаликлари иштирокида “Беруний пахта уруғчилиги” МЧЖ га қарашли уруғлик цехида пресс-тур ташкил қилинди.
“Беруний пахта уруғчилиги” МЧЖ томонидан 420 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш ва 400 тонна уруғлик чигит дорилаш белгиланган бўлиб, фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарига сифати кафолатланган уруғликларни мувофиқлик сертификати асосида реализация қилиб келмоқда.
Корхонада уруғларни белгиланган норматив-ҳужжатлар талабларига асосан тайёрланиши Инспекциянинг ҳудудий бошқармаси томонидан назоратга олинган бўлиб, уруғликларни таҳлил қилиб бориш мақсадида Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш марказининг малакали мутахассислардан иборат лаборатория ходимлари томонидан мунтазам равишда намуналар олиниб, таҳлиллар амалга оширилиб келинмоқда.
Ўтказилган пресс-тур давомида, уруғлик чигитларни қайта ишлаш, саралаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий дорилаш ҳамда сифатли сақланиши бўйича тадбир иштирокчиларига батафсил ахборот бериб ўтилди.
Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16-декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш ва навдорлигини баҳолаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш тўғрисида”ги 712-сонли қарорининг мазмун моҳияти уруғлик тайёрловчи корхоналар ходимларига тушунтириб ўтилди.
Н.Исмаилов – Агроинспекциянинг Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи
И.Бегжонов - Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шўъбаси бош инспектори