Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими ҳамда ҳудудий бошқармалар ва туман инспекторлари томонидан назорат тадбирлари сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1012-сонли қарори ижроси юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Унга кўра, 2020 йилда республика бўйича иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган, яроқсиз жами 18,4 минг гектар боғзорлар аниқланиб, шундан, 12,9 минг гектари жорий йилнинг қиш-баҳор ойларида ва 5,9 минг гектари куз ойларида бузилиши режалаштирилган. Бугунги кунда куз ойларида бузилиши режалаштирилган яроқсиз боғзорларнинг 4,6 минг гектари бузилган ҳолатда турганлиги аниқланди.
Шунингдек, ушбу майдонларда янги интенсив боғ ташкил этиш учун сарфланадиган кўчатлар сонини аниқлаш мақсадида академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг марказий ва ҳудудий филиалларида мавжуд мевали дарахтлар кўчатлари тўғрисидаги маълумотлар олиниб таҳлил қилинди. Унга кўра академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг марказий ва ҳудудий филиалларида куз ойларида экиш учун тайёр мевали кўчатлар сони жами 1 млн 647 минг донани ташкил этмоқда. Шундан, 923 минг уруғлилар, 712 минг данаклилар ва 11 минг дона ёнғоқ мевали дарахт кўчатларини ташкил этади.
Бугунги кунда, Республиканинг барча ҳудудларида куз ойларида иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни бузиш ишлари давом эттирилмоқда ҳамда унинг ижроси бўлим томонидан доимий назорат қилиб борилади.
З.Исматов, "Ўзагроинспекция", Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими катта инспектори