Ру Ўз O`z En

Республикада энг катта майдонларни эгаллаган ғўза навлари

11 Август 2020 9127

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4633 сонли қарорига биноан ҳудудларда ғўза навларини жойлаштириш пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари ва кластерлари томонидан мустақил жойлаштирилиши ваколати берилган бўлиб, бу ўз навбатида селекционер олимлар томонидан яратилаётган янги ғўза навларига соғлом рақобат муҳитини яратиб берди.

Ривожланган мамлакатларда пахта хом ашёси етиштиришнинг 2016-2017 йиллардаги таҳлили шуни кўрсатадики, паxта етиштириш бўйича биринчи бешликка Ҳиндистон, Xитой, АҚШ, Покистон ва Бразилия давлатлари киради.

АҚШнинг “Қишлоқ xўжалиги маркетинг xизмати паxта ва тамаки етиштириш” дастурига кўра, юқори сифатли “Делтапайн” бренди АҚШда 2016-17 йиллар мавсумида энг машҳур бўлиб катта майдонларга экилган. Иккинчи энг машҳур бренд - Байернинг Фибер Макс, Доунинг Фито Гэн ва Байернинг Стоневил навларидир. Трансгенетик навлар 2016 йилда АҚШда экилган паxта майдонининг 98,7 фоизини ташкил этган.

Республикамизда 2020 йил ҳосили учун экилган ўрта толали ғўза навларининг асосий майдондаги улуши юқори бўлиб, 1 млн гектардан ортиқ майдонни эгаллайди.

Ўрта толали ғўза навларининг асосий майдондаги улуши таҳлил қилинганда, биринчи ўринда ўзининг тезпишарлиги, ҳосилдорлиги ва турли тупроқ иқлим шароитларига мослашувчанлиги бўйича ижобий натижаларни кўрсатиб келаётган Султон ғўза навининг экилаётганлигини кўриш мумкин. Ушбу нав Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан ташқари барча вилоятларда 195,6 минг гектарни эгаллаган бўлиб, асосий майдонга нисбатан улуши 18,9 % ни ташкил қилмоқда.

Иккинчи ўринни ҳосилдорлиги, бир чаноқдаги пахта вазни (7-8 гр) ва тола чиқими (37-38 %) юқори бўлган Бухоро-102 нави эгаллагани ҳолда 128,5 минг гектар майдонга экилган ва асосий майдоннинг 12,4 % ини ташкил қилади.

Учинчи ўринни ҳосилдорлиги, бир чаноқдаги пахта вазни (7-7,5 гр) ва тола узунлиги (33-36 мм) юқори бўлган Бухоро-6 нави эгаллаган бўлиб, 70 минг гектар майдонда экилган ва асосий майдоннинг 9,4 % ини ташкил қилади.

 

Республикада экилаётган ғўза навларининг экилган ҳудудлар ва эгаллаган майдони (жадвал)

 

Республикада экилаётган ғўза навларининг экилган ҳудудлар ва эгаллаган майдони (давоми)

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига G.hirsutum L турига мансуб ўрта толали ғўза навлари билан биргаликда G.barbadense L турига мансуб ингичка толали ғўза навлари ҳам киритилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 47-сонли қарорига биноан ингичка толали ғўзанинг “истиқболли нав” сифатида экиб келинаётган навларини уларнинг ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш белгиланган бўлиб, Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш марказининг 27.12.2019 йилдаги 41-сонли қарори билан Сурхон-14, Сурхон-16, Сурхон-103 навлари Сурхондарё вилояти бўйича Давлат реестрига киритилди.

Бу эса ўз навбатида узун толали навлар орасида ҳам рақобатнинг кучайишига, пировард натижада эса ҳосилдорлик, тола сифати, зараркунандаларга бардошлилик сингари қимматли хўжалик белгиларини ўзида мужассамлантирган ғўза навлари яратилишига асос бўлади.

 

“Ўзагроинспекция” Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими

 

Text to speech