Ру Ўз O`z En

Республикада пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари ташкил этилмоқда

1 Июль 2020 3389

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 398-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари ташкил этиладиган бўлди. Эндиликда, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига бериладиган имтиёзлар кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади.

Кооперацияларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда пахта тозалаш корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилмаётган бўш ер майдонларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг захирасига ўтказилишини таъминлайди;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари кооперациялар ва пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминлаш чора-тадбирларини кўради;
  • Кооперациялар пахтани қабул қилиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича самарали иш юритиш тизимини жорий қилади.

Тегишли Ҳукумат қарорларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига белгиланган имтиёзлар кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади.

Кооперацияларга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари ихтиёрий равишда аъзо бўлади.

Кооперациялар аъзолари томонидан етиштирилган пахтани пахта тозалаш корхоналари томонидан қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатилади.

Шунингдек, қарор билан Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Унда кўрсатилишича, кооперация унинг муассислари ва аъзолари саъй-ҳаракатлари, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилиб, пахта хомашёсини етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш билан боғлиқ тармоқларни ягона тизимга бирлаштиради.

  • Кооперацияни таъсис этишда унинг муассислари ўзларининг мустақиллигини сақлаб қолади.
  • Кооперацияга аъзо бўлиш ва ундан чиқиш ихтиёрий бўлиб, аъзолар меҳнатига ишлаб чиқарган маҳсулоти ҳажми ва сифатига қараб ҳақ тўланади.
  • Кооперация уставида назарда тутилган тартибда унинг фаолияти кооперация аъзолари томонидан назорат қилинади.
  • Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари кооперациянинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
  • Кооперация тегишли фаолиятни амалга оширишда рухсатнома ва лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари билан шуғулланиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ, тегишли рухсатнома ва лицензия олиши шарт.

Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими

Text to speech