Ру Ўз O`z En

Республиканинг шимолий минтақалари мисолида ғўза навларининг жойлашув таҳлили 

20 Июль 2020 3807

Маълумки, пахтадан юқори ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири ҳудудларнинг табиий шароити, тупроқ унумдорлиги, ерларнинг мелиоратив ҳолати инобатга олинган ҳолда ғўза навларини тўғри жойлаштириш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги “2020 йилда ғўзани навлари бўйича жойлаштириш ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 985-сонли қарорига кўра, мамлакатимизда 1033,6 минг гектар майдонга чигит экилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4633-сонли қарори билан пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари ва кластерларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва давлат реестрига киритилган ғўза навларини мустақил жойлаштириш ҳуқуқи берилди. 
Ушбу қарорларнинг амалдаги ижроси юзасидан Республиканинг шимолий минтақаларида ғўза навларининг жойлашуви таҳлил қилинди.
Бунга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йил ҳосили учун 2541 нафар фермер хўжаликлари томонидан 86 291 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, асосий майдонларга ҳудуд шароитига мос эртапишар С-4727, Султон, Чимбой-5018, Бухоро-102 навлари, шунингдек янги нав сифатида ўртапишар Бухоро-8 нави, истиқболли Манғит-1, Равнақ-2 ва С-4728 навлари жойлаштирилганини кузатиш мумкин.  
Жорий йил чигит экиш мавсумидаги об-ҳаво Қорақалпоғистонлик фермерлар учун жуда қулай келиб, чигит экиш ишлари энг оптимал муддатларда ўтказилди. Жумладан, 86291 гектар майдонга 6377,4 тонна уруғлик чигит тайёрланган бўлиб, шундан 6315,4 тонна тукли, 61,9 тонна туксизлантирилган уруғлик чигитни ташкил қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 1252 нафар фермер хўжаликларидаги 32146 гектар майдонларнинг ҳар бир гектарига 72 кгдан,
137 та фермер хўжаликларидаги 6746 гектар майдонларининг ҳар бир гектарига 100 кг дан ортиқ уруғлик чигит сарфлангани кузатилди.
Асосий майдонларда навларнинг жойлашуви қуйидаги диаграммада келтириб ўтилади.

 

Ҳудудларда ғўза навларининг жойлашуви таҳлил қилинганда асосий майдонларнинг 37949 гектарига С-4727 нави, 35387 гектарига Султон нави,

 4111 гектарига маҳаллий Чимбой-5018 нави, 7035 гектарига Бухоро-102 нави, 1243 гектарига Бухоро-8 нави, 566 гектарига янги ва истиқболли навлар экилган.


Жорий даврда ғўза навлари жойлашган майдонларда чуқур юмшатиш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суспензиялаш сингари агротехник тадбирлар жадал давом эттирилиб, асосий майдонларда суғориш ишлари бажарилмоқда. Илмий асосланган тавсияларга кўра, турли тупроқ-иқлим шароитларида экинларни суғориш тупроқ турлари ва ер ости сувлари сатҳи бўйича гидромодул районларга бўлиниб, Бухоро-102, Бухоро-8, С-4727, Чимбой-5018 ғўза навларини гуллашгача суғормаслик ва бу навларни 0-2 (3)–1 тизимида 3-4 марта суғориш мақсадга мувофиқ бўлади.
Жорий йил ҳосили учун вилоятда 6777 тонна уруғлик чигит тайёрланган бўлиб, шундан 6736 тоннаси тукли, 40 тоннаси туксизлантирилган уруғлик чигитни ташкил қилади.
Асосий пахта майдонларининг 13121 гектар қатор ораси 60 см, 2500 гектарида 90 см ва ниҳоят 67136 гектари қўшқатор усулида экилган бўлиб, бугунги кунда экиш тартиби ва жойлаштирилган ғўза навларидан келиб чиққан ҳолда агротехник тадбирлар давом эттирилмоқда.
Жумладан, асосий майдонларда суспензиялаш, чуқур юмшатиш, озиқлантириш ва суғориш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятнинг асосий майдонларида экилган навлар тўғрисидаги қисқача маълумот қуйидаги диаграммада келтириб ўтилади.

 

Хоразм вилоятида жорий йилда 1571 нафар фермер хўжаликларининг 82757 гектар майдонларида эртапишар Хоразм-150, Султон, С-8294 навлари, ўртапишар Хоразм-127 нави ва истиқболли Ният нави экилди.


Илмий тавсияларга кўра, сув танқислиги шароитида ғўза навларидан юқори ва сифатли ҳосил олиш мақсадида тупроқ иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда мақбул суғориш муддатлари ва меъёрларини тўғри белгилаш катта аҳамиятга эга бўлиб, тадқиқотларнинг кўрсатишича, ғўзанинг ўртача кунлик сув сарфи шоналаш даврида 20-25 м3/га, гуллашда 50-60 м3/га, ҳосил тўплашда
80-90 м3/га ва пишиш бошида 40-45 м3/гани ташкил этади. Бу эса ғўзанинг ўсиш ва ривожланиш даврини, тупроқнинг механик таркибини ҳисобга олиб,  суғориш муддатлари ва меъёрларини белгилашда ёрдам беради.
Ғўзани неча марта суғориш тупроқ турига, захоб сувларининг сатҳига ва иқлим шароитларига боғлиқ. Вилоятнинг Гурлан, Шовот, Янгибозор туманларида экилаётган С-8294 нави тезпишар навлар қаторига кириши сабабли озиқлантириш ва суғориш ишлари эрта муддатларда ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлади.



Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими

Text to speech