Ру Ўз O`z En

САМАРҚАНД: вилоят бўйича 20 минг тонна сара уруғлик дон жамғарилади

20 Июнь 2023 2601


Самарқанд вилоят туманларида ҳам пишиб етилган донни ўриб-йиғиб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Мавсум олдидан "Ўзагроинспекция" Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан уруғлик ғалла майдонларида сара уруғ жамғариш мақсадида дала апробация кўриклари доимий назоратга олинган.

Вилоят туманларида бугунги кунда 360 та уруғлик ғалла етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликларнинг 10 минг 843 гектар майдонида келгуси йил ҳосили учун уруғлик ғалла экилиб, парвариш қилинди.

"Уруғчилик тўғрисида"ги Қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари асосида уруғлик ғалла майдонларини ажралиши қийин бўлган маданий ва бегона ўтлардан ва бегона нав аралашмаларидан тозаланиши, талабга жавоб бермайдиган майдонларнинг яроқсизга чиқарилиши бошқарма ва туман бўлимлари томонидан мониторинглар олиб борилган.

Қишлоқ хЎжалиги вазирлигининг уруғлик дон олиш учун экилган дала майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида, вилоятда апробация ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, бу борада ҳам хўжаликлар томонидан етиштирилган уруғлик ғалла майдонларида апробация кўригини шаффоф тарзда ўтказилиши юзасидан барча туман апробаторлари расман огоҳлантирилган.

Жумладан, вилоятда ғалла уруғлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган хўжаликларга амалий ёрдам бериш мақсадида, жойларга бориб, «Уруғчилик тўғрисида»ги Қонуни, Ҳукуматнинг 2021-йил 12-октябрдаги 641-сонли қарори ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш юзасидан семинарлар ташкил этилиб, профилактика тадбирлари ўтказилган.

Натижада ўтган 2022-йилнинг шу даврига нисбатан қонунбузилиши ҳолатлари камайди.

Апробация кўригини ўтказишдан мақсад, қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик жиҳатидан тозалиги, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлиги, касалликларга чалинган-чалинмаганлиги ҳамда экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлашдан иборат.

Шу боис мазкур жараёнга жиддий ёндашилиб, апробацияни сифатли ва самарали ўтказишга эътибор қаратилди.

Апробация кўриги давомида уруғлик дон эккан 360 нафар фермер хўжалик раҳбарларига расман огоҳлантириш хатлари берилди.

Ўтказилган тадбирнинг якуний натижасига кўра, жами 355 та фермер хўжаликларнинг 8 минг 125 гектар ер майдони яроқли деб топилиб, натижада 20 минг тонна сара уруғлик дон қабул қилиниши режалаштирилди.

Яроқли деб топилган майдонлар туманлар кесимида таҳлил қилганда, Жомбойда 469 гектар, Иштихонда 1 минг 608 гектар, Каттақўрғонда 1 минг 45 гектар, Нарпайда 693 гектар, Оқдарёда 905 гектар, Пастдарғомда 1 минг 315 гектар, Пахтачида 1 минг 20 гектар, Паяриқда 793 гектар ва Ургут туманида 277 гектарни ташкил қилади.

Шунингдек, 276 та фермер хўжаликларнинг 2 минг 167 гектар уруғлик учун эккан майдонлари агротехник тадбирларни, бегона нав ва ажралиши қийин бўлган бегона ўтлардан тозалаш ишларини ўз вақтида сифатли бажармаганлиги сабабли, яроқсиз деб топилди.

Х. Нурбеков, "Ўзагроинспексия"нинг Самарқанд вилоят бошқармаси шўъба бошлиғи

Text to speech