Ру Ўз O`z En

Самарқанд вилоятида тадбиркорлар томонидан 1 млн АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга йўналтирилди

22 Июнь 2020 2584

Мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5853 фармонига асосан Республикада юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда. Натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошмоқда. Юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 66 та мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги корхоналарини ислоҳ қилиш борасидаги дастурлар Самарқанд вилоятида ҳам босқичма-босқич ҳаётга тадбиқ этиляпти. Айни кунларда вилоятда пахта, ғалла ва мева-сабзавотчилик йўналишида 40 дан ортиқ кластер корхоналари фаолият юритаётган бўлиб, натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда.

"Ўзагроинспекция"нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва Булунғур тумани бўлими томонидан жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан сифатли ва юқори ҳосил олиш мақсадида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли ўтказилиши устидан доимий мониторинг ўрнатилиб, таҳлиллар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Булунғур-Сандвик” МЧЖ етиштирган маҳсулотини саноат усулида қайта ишлаш орқали экспорт қилишга ихтисослаштирилган йирик кластер корхоналаридан бири саналади. Ушбу корхона томонидан 2019 йилда 5 млн 955 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари Россия, Германия, АҚШ сингари кўплаб давлатларга экспорт қилинган.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси асоратларини бартараф этиш, Республикамизнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида жорий йилда 8 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулот экспортга чиқарилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар, 1 млн 579 минг АҚШ доллари миқдоридаги карам, исмалоқ, шивит, лук-порей каби маҳсулотлар АҚШ, Россия, ва Европа давлатларига экспорт қилинган.

Айни вақтда, Кластер корхонаси томонидан Булунғур туманида 341 гектар, Тайлоқ, Ургут ва Жомбой туманларидаги фермер хўжаликларига қарашли 1 минг 100 гектар майдонда булғор қалампири, карам, лук-порей сингари экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришланмоқда.

Инспекция ходимларининг бевосита кўмаги билан вилоятда қишлоқ хўжалиги экинлари сифатли парваришланиб, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу эса сарф–харажатларни камайтириш билан бир қаторда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконини бермоқда.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси

Text to speech