Ру Ўз O`z En

Самарқандда 17 мингдан ортиқ трактор ва қишлоқ хўжалиги техникалари таъмирланмоқда

6 Январь 2021 2601

Қиш - деҳқонларимиз учун яна бир синов даври саналади. Айнан шу фаслда қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириш учун пухта замин ҳозирланади.

2021 йил баҳорги дала ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказишни мақсад қилган самарқандлик деҳқонлар, айни кунларда мавсумда қатнашувчи тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлашмоқда.

"Ўзагроинспекция" фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асосан, қишлоқ хўжалиги, йўл-қурилиш техникалари воситалари ва бутловчи механизмларни рўйҳатга олиш, давлат рақам белгилари берилиши ҳамда улардан унумли фойдаланишни назорат қилиш Инспекция органлари зиммасига юклатилган.

Шу мақсадда, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан бахорги дала ишларида қатнашадиган 17 мингдан ортиқ трактор ва қишлоқ хўжалиги техника воситаларини таъмирга тортиш ва таъмирлаш юзасидан доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида 1 минг 612 дона чопиқ тракторлари, 1 минг 612 дона культиваторлар, 962 дона чигит экиш селкалари, 277 дона ғалла ўриш комбайнлари, 412 дона пуркагичлар, 399 дона минерал ўғит сепгичлар, 194 дона ер текислагичлар, 413 дона чизеллар ва 11 минг 15 дона тишли бороналар тегишли дислокациялар асосида, белгиланган ҳудудларга йиғилган бўлиб, таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ишлари вилоятнинг Нарпай, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом ва Пайариқ туманларида юқори суратда амалга оширилмоқда.

-Самарқанд вилоятида 2021 йил баҳорги дала ишларида қатнашадиган техникларни таъмирлаш учун 10 млрд 991 млн сўм маблағ талаб этилади. Инспекция органлари томонидан баҳорги дала ишларида қатнашувчи тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан доимий мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда. Бунда таъмирлашнинг сифатли бажарилиши, механизатор ва бошқа ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, қишлоқ хўжалиги техникаларининг эҳтиёт қисмлар билан ўз вақтида таъминланиши сингари вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими бош инспектори Шаҳриддин Бутунов.

Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад, жорий йилда Самарқанд вилоятида баҳорги дала ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш эвазига барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ҳосилдорликни гектар бошига 10-15 центнерга кўтаришдан иборатдир.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech