Ру Ўз O`z En

Самарқандлик олимлар буғдойнинг янги серҳосил навини яратишди

27 Апрель 2022 2072

Тажрибали деҳқонлар таъбири билан айтганда сара уруғ - мўл ҳосил гарови. Буни дилдан ҳис этган Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали профессори Ғулом Ғайбуллаев раҳбарлигидаги Самарқандлик олимлар буғдойнинг янги, серҳосил навини яратиш устида тинимсиз илмий изланишлар олиб боришмоқда.

Ўтказилган тажрибалар, селекция ишлари натижаси ўлароқ буғдойнинг иқлим шароитига мос, серҳосил ва эртапишар “Ўзбекистон-30” ва “Самарқанд” навлари яратилди. Айни кунларда мазкур навлар Республика давлат нав синаш марказида синовдан ўтказилмоқда.

  - Ўзбекистон бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги бўйича дунёда “Топ 10” ликка кирган давлатлардан бири саналади. Селекция ишлари Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали, “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда “Farboma Selekt” илмий уруғчилик фермер хўжалиги томонидан интеграциялашган тарзда олиб борилмоқда. Вилоятнинг Жомбой туманида жойлашган ушбу уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига қарашли 80 гектар тажриба майдонида ҳозирга қадар буғдойнинг “Жасмина”, “Фарбома”, “Амира”, “Зарафшон” ва арпанинг “Бек” навлари яратилди.  Эътиборли жиҳати шундаки, Самарқандлик олимлар томонидан “Крошка” ва “Сангзор-8” навларини чатиштириш асосида яратилган буғдойнинг “Жасмина” нави серҳосил, иқлим шароитига мослиги билан амалиётда тўлиқ ўзини оқлади. Бугунги кунда ушбу нав вилоятнинг 13 минг гектардан ортиқ ер майдонида ва қўшни Жиззах, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари далаларида экилмоқда. Ҳосилдорлиги ҳам ёмон эмас, ўртача 60-70 центнердан ошириб ҳосил йиғиштириб олинмоқда, - дейди Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ғулом Ғайбуллаев.

-2022 йил ҳосили учун вилоятдаги 472 та уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 10 минг 414 гектар ер майдонига буғдойнинг “Жасмина”, “Яксарт”, “Давр”, “Фарбома” сингари иқлим шароитига мос, серҳосил навлари экиб парваришланмоқда. Жорий йил ғалла ўрим-йиғими мавсуми давомида 31 минг 462 тонна уруғлик дон етиштириш режалаштирилган.

Уруғлик ғалла экилган майдонларда дала маданиятига қатъий риоя этилиши, бегона ўтлар ва бошқа навлардан ҳоли бўлиши лозим. Занг касаллиги мавжуд далалардан уруғлик ғалла олинмайди.

Уруғлик ғаллани ўриш учун алоҳида ғалла ўриш комбайнлари ажратилган бўлиб, уларнинг барчасига тегишли шартли белгилари ўрнатилди. Шунингдек, уруғлик ғалла алоҳида уруғлик цехларида, навлар кесимида сақланади,-дейди “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Хушнуд Нурбеков.

Сара уруғликдан мўл ва энг асосийи импорт ўрнини босувчи сифатли ҳосил олинади. Бу эса, халқимиз фаровонлиги, тўкин-сочинлик омилидир.

Абдували Худоёров “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Text to speech