Жорий йилда Андижон вилояти фермер хўжаликлари томонидан дон корхоналарига давлат эҳтиёжи учун 176 минг 552 тонна товар ва 15 минг 250 тонна уруғлик дон топшириш бўйича контрактация шартномалари тузилган ва контрактация шартномаларида давлат эҳтиёжи учун 3-синф талабига мос буғдой дони топширишлари белгиланган. Бунинг учун фермер хўжаликлари бугунги кунда нималарга эътибор беришлари ва улар учун бу қандай иқтисодий аҳамиятга эгалигини билишлари жуда муҳимдир.
Дон қабул қилиш корхоналарига топшириш режалаштирилган буғдой дони, тайёрлаш ва етказиб беришга бўлган талаблар давлат стандарти асосида қабул қилинади ва ушбу меъёрий ҳужжатга асосан буғдой дони сифатига кўра 5 та синфга бўлинади. Дон корхоналарига топширилган дон учун фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб ишлари давлат стандартида кўрсатилган синфлар бўйича олиб борилади.
Сўнгги йилларда вилоятда дон етиштириш салмоғи кўпайиб Давлат хирмонларига 176 минг 552 тонна атрофида сифатли дон қабул қилиб олинмоқда.
Ўз навбатида етиштирилаётган донни давлат омборларига қабул қилиб олиниши, сифатли сақланиши ҳамда донни қайта ишлашда дон ва дон маҳсулотларидан оқилона фойдаланишда “Ўзагроинспекция”нинг Андижон вилояти бошқармаси ходимларининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Андижон вилоятида дон етиштириш учун ўтказилган изланишлар, донни нонвойчилик хусусиятларига қараб нав танлашда “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасаси Андижон вилояти филиали ходимлари ҳамда вилоят дон корхоналари мутахассислари билан биргаликда баҳамжиҳат меҳнат қилиб 2024 йил ҳосили учун сифатли буғдой тайёрланди.
Ушбу етиштирилган ғаллани нонвойчилик хусусиятлари умумтаҳлил (обеследование)дан ўтказилганда 5 баллик мезон билан баҳолашда 4 балл билан баҳоланади.
Андижон вилоятида Давлат ресурсидаги донни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар тимсолида бу ишларни бажарилиши мониторинг қилинганда 2024 йил ҳосилидан қабул қилинган бошоқли донлар 1 сентябрь ҳолатида тўлиқ омборлар ва махсус ёпиқ сиғимларга киритилиб сақланиши режалаштирилган.
Кейинги йиллар мобайнида донни сақлаш ишларини янада яхшилаш мақсадида замонавий турдаги металл сиғимлар ва шамоллатиш турлари мавжуд механизациялаштирилган омборлар, булар, “Андижондонмаҳсулотлари” АЖда 10 000 тонна сиғимга эга омбор хамда “Андижондонмаҳсулотлари” АЖга қарашли Пахтаобод ДҚҚШда 10 000 тонна сиғимга эга омборлар, “Асакадонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятида 15 000 тонна, “Қўрғонтепадонмаҳсулотлари” АЖга 10 000 тонна сиғимга эга бўлган механизациялаштирилган омборлар қурилиб ишга туширилди.
Қабул қилинган дон маҳсулотлари сифати, сақланиши, уларни жойлаштириш тартибига риоя қилиниши, уларнинг миқдори ва сифати бўйича ҳисобга олишнинг тўғрилиги, донларнинг сақлашда табиий камайиш нормалари қўлланишининг асосланганлиги устидан доимий назоратини амалга ошириш инспекциянинг асосий вазифаларидан биридир.
Ў.Холмирзаев, Дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи