Ер бебаҳо неъмат, ундан оқилона фойдаланиш фуқаролик мажбурияти ҳисобланади. Қонунларимизда ҳам ердан самарасиз фойдаланиш, унга зарар етказганлик учун жавобгарлик белгиланган. Аммо кўрилаётган чораларга қарамасдан юридик ва жисмоний шахслар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларидан қонунга зид тарзда фойдаланиш, уларни ўзбошимчалик билан ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тойлоқ туман бўлими ходимлари томонидан Ер кодекси ижроси юзасидан ўтказилган моторинг-таҳлил тадбирлари давомида шу каби қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Хўжаюз маҳалласида яшовчи уч нафар фуқаро ҳеч қандай ҳужжатсиз, “Мусохон Зиёхон” фермер хўжалигига ижарага берилган суғориладиган майдонни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний равишда уй-жой қурган. Ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилиши оқибатида давлатга 43 миллион 358 минг 773 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди.
Ҳолат бўйича, Тойлоқ туманлараро фуқаролик судининг ҳал қилув қарори билан жавобгар ҳисобидан давлат фойдасига 43 миллион 358 минг 773 сўм миқдордаги етказилган зарар ва давлат божи ундирилишини белгиланди.
Фурқат УМИРОВ, "Ўзагроинспекция" вилоят бошқармаси, Тойлоқ туман бўлими бошлиғи ўринбосари