Айни мураккаб вазиятда мамлакатда аҳолининг сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, қолаверса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ердан унумли фойдаланиш ва унинг талон-торож қилинишининг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади.
Шуни эътиборга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратилган ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Маълум бўлишича, жойларда қонунбузилиши ва ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олиш ҳолатлари мавжуд.
Жумладан, Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими томонидан ўтказилган мониторинг давомида туманнинг Хўжаюз маҳалласида яшовчи беш нафар фуқаро “Боғизоғон” агросаноат фирмаси ҳудудидаги “Мусохон Зиёхон” фермер хўжалиги учун ижарага берилган 1090-рақамли дала контуридан 0,31 гектар суғориладиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний уй-жой қуриб олганлиги маълум бўлди. Натижада ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиши оқибатида давлатга жами 31 млн 485 минг 464 сўм зарар етказилгани аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг туман бўлими томонидан, Тойлоқ туманлараро фуқаролик судига даъво ариза киритилди.
Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Тойлоқ туманлараро фуқаролик судининг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига етказилган зарарни қоплаши ҳамда 1 млн 349 минг 212 сўм миқдорида давлат божи ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
- Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасида “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликда,қишлоқ хўжалиги ерларини ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтирганликда, уларни кимёвий ва радиоактив моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқава сувлар билан ифлослантирганликда, ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган объектларни жойлаштирганликда, қурганликда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлишлари” белгиланган. Инспекция органлари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш юзасидан доимий назорат ўрнатилган. Юқоридаги сингари ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фермер хўжалиги раҳбарлари ва ҳамкор ташкилотлар ходимлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Турли кўргазмали қуроллар, қўлланмалар асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онг ва билимлари оширилмоқда,-дейди Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими бошлиғи Зойир Эшонқулов.
Яна бир гап. Барпо этилаётган ҳуқуқий демократик давлатда қонун устувор бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Барчамиз амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этган ҳолда иш тутсак, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.
Агронспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси