Ру Ўз O`z En

Сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш бўйича Сув хўжалигининг махсус хизмати ташкил этилади

26 Апрель 2022 3743

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 196-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан бир ой муддатда туман ирригация бўлимлари таркибида сув истеъмолчиларга сув етказиб бериш, хўжаликлараро суғориш тармоқларидан фойдаланиш, уларни таъмирлаш тиклаш ва бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш ишларини ташкил қилиш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган сув хўжалигининг махсус хизмати ташкил этилиши белгиланди.  

Сув хўжалигининг махсус хизматини ташкил этишда қуйидагилар белгиланди:

·    сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш ва кўрсатилган сув хўжалиги хизматларидан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

·    сув истеъмолчиларига ажратилган сув олиш лимити доирасида сув етказиб беради, белгиланган тартибда унинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади;

·    хўжаликлараро ва фермерлар аро ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, улардаги бош ва ички сув олиш ҳамда бошқа иншоотлардан доимий ва мақсадли фойдаланишни ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширади;

·    сув истеъмолчиларининг бош сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланиши ҳамда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштирилишини ташкил қилади;

·    сув истеъмолчиларининг буюртманомаси бўйича бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатилиши белгилаб қўйилди.

Ҳужжат билан қуйидаги тартиблар белгиланди:

·    сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сув истеъмолчиларга сув етказиб бериш бўйича хизматларни шартномага асосан кўрсатиш тартиби;

·    сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш бўйича хизматлар ҳамда бошқа хизматлар учун тўловлар тўлаш тартиби;

·    сув етказиб бериш ва бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатишдан тушган маблағлардан фойдаланиш тартиби белгиланди.

Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлигига Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, “ЎзсувлойиҳаАЖ ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти билан биргаликда икки ой муддатда фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларининг бош сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш бўйича намунавий ички чизмаларини ишлаб чиқиш ва жойларга етказиш вазифаси юклатилди.

2023 йил 1 апрелга қадар сув хўжалиги ҳисобидаги 1641 км узунликдаги 194 та каналлар, 3402 км узунликдаги 1007 та коллекторлар, 104 та насос станциялари ҳамда 229 та суғориш қудуқларини давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида 78 та кластер ташкилоти бошқарувига, шунингдек, 6204 км узунликдаги 753 та каналлар, 4328 км узунликдаги 845 та коллекторлар, 315 та насос станциялари ҳамда 331 та суғориш қудуқларини давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида хусусий сектор бошқарувига беришни ташкил этиш белгиланди.  

Агроинспекциянинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси

Text to speech