Ру Ўз O`z En

Сув ва ердан фойдаланиш қоидаларини бузганларга нисбатан чора кўрилди

3 Июнь 2020 3419

Сув ҳаёт манбаи, тўкин-сочинлик рамзи! Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳам сувнинг ўрни беқиёс. Шу боис, Юртбошимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда сув тежамкор ускуналардан фойдаланиш, соҳага инновацион ёндошиш, бир сўз билан айтганда, томчилатиб суғоришни жорий этиш юзасидан тизимли тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Буларнинг барчаси замирида сувнинг ҳар бир қатрасидан тежаб-тергаб фойдаланиш сингари эзгу мақсад мужассам.

Аммо, ҳамма вақт ҳам ҳаётий, бебаҳо неъмат саналмиш сувни исроф қилмасдан фойдаланилаяпти деб бўлмайди. Таассуфки бундай ҳолатлар қишлоқ хўжалиги тизимида ҳам учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Тайлоқ тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилиши, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш ва уни тўғри тақсимлашни ташкил этиш юзасидан мониторинг-ўрганиш тадбирлари ўтказилмоқда.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида, туманнинг Қорасув канали назоратчиси А.Р. ҳамда Шавдар канали назоратчиси Ш.Ж. сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истемоли режаларини бузганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуни 31-моддаси ижроси юзасидан ўтказилган мониторингда фуқаро Н.П. Тойлоқ туман ҳокимининг қарорига асосан Сочакипаён маҳалласидан 0.35 га майдонда деҳқон хўжалигида фойдаланиш учун ажратиб берилган ер майдонининг бир қисмидан самарали фойдаланмасдан ердан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги аниқланди. Юқоридаги ҳолатларга кўра, МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чораси белгиланди.

"Ўзагроинспекция"нинг Самарқанд вилоят бошқармаси

Text to speech