Ру Ўз O`z En

СУВДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНИШ ҲОЛАТЛАРИГА ЧОРА КЎРИЛМОҚДА

19 Июль 2022 1824

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувдан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади. “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ҳудудлар кесимида олиб борилаётган назорат тадбирларида айрим ҳолларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига беписандлик билан муносабатда бўлинаётганини кўриш мумкин.

Жумладан, Инспекциянинг Қизилтепа туман бўлими ходимлари томонидан бу борадаги ҳақиқий аҳвол ўрганилганда, ғўза майдонларини кўллатиб суғориш, сувни зовурга ташлаш, сув ҳисоб-китоби журналларини тўғри юритмаслик, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиб, ундан фойдаланмаслик ва бошқа шу каби бир қанча хато-камчиликлар аниқланди.

Хусусан,  назорат тадбирлари давомида “Бўстон” ҳудудидаги “Тавоис жавоҳири” ҳамда “Оқ олтин” ҳудудидаги “Шабон ёдгор нияти” фермер хўжаликлари ғўза майдонининг 0,10-0,30 гектар майдони эътиборсизлик туфайли кўллатиб суғорилгани аниқланди. Мазкур иккала ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бундан ташқари  “Қўчқор Карим” фермер хўжалиги томонидан сув танқислиги шароитида пахта майдони учун ажратилган сувдан шоли экинини суғориб келингани аниқланди. Бу ҳам етмагандик, дала охиридаги зовурга 10 л/с сув ташлаб қўйилиб, исроф этилган.

“Ҳайдар Истам” фермер хўжалиги томонидан ҳам қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш тартиби бузилган. Яъни фермер хўжалиги томонидан ер майдонига кирадиган сувни ҳисоб-китобини юритишда фойдаланиладиган река ўрнатилмаган. Сувчилар назоратсизлиги оқибатида дала охиридан 0,10-0,15 гектар майдон кўллатиб юборилган. 

Назорат тадбирлари давомида Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси ҳам ўрганилди. Ўрганишлар давомида тумандаги “Шаҳзода келажаги”, “Сафар ота”, “Юлдуз”, “Хонзурун оқшоми”, “Даврон” фермер хўжаликларида 2021 йил сув тежовчи технология жорий этилганига қарамай, ғўза майдонларини анъанавий усулда суғориб келаётгани аниқланди.

- Мазкур ойнинг ўтган 15 куни давомида сувдан фойдаланиш соҳаси бўйича 20 та назорат тадбири ўтказилди, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Қизилтепа туман бўлими катта инспектори Ойбек Ражабов. – Шундан аниқланган камчиликлар бўйича 2 та маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлса, 10 та ёзма кўрсатма берилди. Шу билан бирга сувдан оқилона фойдаланишга оид қарор ва фармонлар мазмун-моҳияти юзасидан 20 га яқин профилактик тадбирлар ўтказилди.  Соҳага оид назорат тадбирлари давом этмоқда.

З. Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech