Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Низомга асосан сув объектларидан сув олиш фақат сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ёзма буюртманомалари бўйича уларнинг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолига тайёрлигига кўра, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаси асосида, белгиланган сув олиш лимити доирасида амалга оширилиши белгиланган бўлсада, мазкур тартибини бузган ҳолда сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётганлар кузатилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Когон тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг ижроси юзасидан назорат тадбирлари олиб борилди.
Тадбир давомида, Когон туман “Хўжа-Якшаба” МФЙ, “Арабхона” қишлоғида яшовчи фуқаро А.М томонидан “Сув истеъмолчилар уюшмаси” ҳисобидаги ички суғориш тармоғидан шахсий ер томорқасини суғориш мақсадида рухсатсиз сув очиб фойдаланган ҳамда сувга эътиборсизлиги оқибатида фермер хўжалигига тегишли бўлган 3 гектарлик ғўза майдонининг 0,50 гектар қисмига сув киритиб, кўллаб юборилган ва сув исрофгарчилигига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат, “Ўзагроинспекция”нинг Когон туман бўлими ходимлари ва холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузар А.Мга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан 245 000 сўм жарима жазоси қўлланилди.
Шунингдек, келгусида ҳам шу каби ҳолатлар содир этилишини олдини олиш мақсадида Инспекциянинг туман бўлими инспекторлари томонидан ҳудуддаги фуқаролар ва фермер хўжаликлари иштирокида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя қилиш ва сув хўжалиги борасида амалдаги қонунчилик талаблари кенг муҳокама қилиниб, тушунчалар ҳамда тавсиялар берилди.
Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Анвар РАШИДОВ
“Ўзагроинспекция”нинг Когон туман
бўлими бошлиғи