Мутахассисларнинг қайд этишича, 2000 йилгача юртимизда кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилган бўлса, охирги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда. Бунда сув тақчиллигини, айниқса, дарёларнинг қуйи қисмида ҳамда канал ва бошқа сув манбаларидан узоқда жойлашган истеъмолчилари чуқур ҳис этмоқдалар. Шу боис ҳам юртимизда қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш мақсадида қатор қарорлар қабул қилиниб, ижроси қатъий назоратга олинган.
“Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2019 йилдаги 82-сонли қарори ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича назорат ўрнатилган.
Жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида вилоятда 640 та назорат тадбирларида 679 та ҳолатда сувга оид қонунбузилиш, шундан 225 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, 281 та ҳолатда сув объектларини ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, 49 та ҳолатда сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитларини бузиш, 10 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш, 11 та ҳолатда сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган сув миқдорининг дастлабки ҳисобини юритиш қоидаларини бузиш, 103 та ҳолатда бошқа турдаги ҳамда 278 та ҳолатда сув олиш тартибини бузиш ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган қонунбузилишлар бўйича Инспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан 552 та ҳолатда 144,7 млн. сўмлик маъмурий, 278 та ҳолатда 21,4 млн. сўмлик молиявий жарима санкциялар қўлланилди ва 37 та ҳолатда тўпланган ҳужжатлар суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган ҳамда тегишли ташкилотларга 25 та тақдимнома ва 65 та мажбурий кўрсатмалар киритилиши таъминланди.
Масалан, Чортоқ тумани А.Навоий МФЙда яшовчи фуқаро Ж.Бекмирзаев, Боғистон МФЙ яшовчи фуқаро Ж.Тошбаев ҳамда Қорабоғ МФЙда яшовчи фуқаро Р.Қосимовлар томонидан Сув истеъмолчилар уюшмаси (СИУ) ҳисобидаги ички суғориш ариғидан боғ қатор орасидаги экинларни суғориш учун рухсатсиз ўзбошимчалик билан сув олиб, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузганлиги, Поп туманидаги сув истеъмолчилари - Озод МФЙда яшовчи фуқаро т.Муминов ва Найман МФЙда яшовчи фуқоро У.Кодировлар ўзларига ажратилган хусусий ер майдонларини суғоришда белгиланган лимитдан ортиқча сув олиб, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли белгиланган лимитлари ва режаларини бузганлиги аниқланиб, ҳуқуқбузарларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 74-моддаси 2-қисми билан маъмурий жарима қўлланилди ҳамда сув олиш тартибини бузганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2013 йилдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низомига асосан жарима санкциялари ҳисобланди.
Шунингдек, ўтказилган текширишларда Косонсой туманидаги “Мухтор Файз Мирзо”, “Кушон ташаббускори”, “Косонсой жахон”, Мингбулоқ туманидаги “Зарбулоқ”, “Бусалха Отабоева”, “Бахтиёр Тўйчибоев”, Тўрақўрғон туманидаги “Фозилбек Абдулходиев”, “Олтин водий ифтихори”, Норин туманидаги “Норинлик Асқаров Аҳмадали”, “Мўъжизавий орол баракаси”, “Шинам орол жилоси”, Наманган туманидаги “Пахтаобод кўклам саховати”, Учқўрғонда “Уч хазина”, Уйчида “Муҳаммадали Исроилжон” номли фермер хўжаликлари суғорилаётган майдонларда кўллатиб суғоришга йўл қўйилганлиги ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузганлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар туман судларига юборилди.
Бугунги кунда, “Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш устидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Қаюмхон Қирғизов
“Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилоят бошқармаси катта инспектори