Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан белгиланган тартибда назорат ва бошқа тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари ва туманлар бўлимлари томонидан жойлардаги Сув хўжалиги ташкилотларига тегишли сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари, шунингдек, санитария-муҳофаза зоналари ва санитария-ҳимоя минтақаларини устуворлигидан келиб чиқиб, белгилаш тўғрисида 235 та ёзма кўрсатма ва огоҳлантиришлар берилди;
сунъий сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида ердан фойдаланиш, хўжалик фаолиятини юритиш ва бошқа ҳатти-ҳаракатлар бўйича белгиланган режимларга риоя этилиши устидан ваколат доирасида доимий назорат тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, ўтказилган назорат тадбирларида жойлардаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйи минтақаларига ноқонуний ҳар хил турдаги 132 та доимий ва вақтинчалик бино, иншоотлар (молхона, ўтинхона, ҳожатхона, бошқалар), 9 та насос агрегатлари қурилганлиги, 1052 та ҳолатда соҳил бўйи минтақаларида 278 гектар майдонни рухсатсиз эгаллаб олиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фойдаланилаётганлиги, шунингдек, тупроқ уюмларини қурилиш материаллари сифатида ишлатиб келинаётганлиги аниқланган.
Ўз навбатида, ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳолатлар юзасидан юридик ва жисмоний шахсларга 1314 та ёзма кўрсатма ва огоҳлантиришлар берилди, 15 та ҳолатда ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди, 36 та ҳолатда маъмурий жарима қўлланилиши таъминланди.
Бугунги кунда назорат тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда.
"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув
ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими