Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг 2023 йил якунлари ва 2024 йилда белгиланган устувор вазифалари юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Агроинспекция фаолияти ва соҳавий йўналишлар томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича даставвал, Инспекция бошлиғи Аброл Вахабов сўз олиб, келгуси йилда бажарилиши режалаштирилган 5 устувор йўналиш доирасидаги масалаларга бағишланган Инспекция тақдимоти билан таништириб ўтди.Бугунги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агроинспекциянинг асосий вазифаларидан бири соҳадаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш бўлиб, у 6 та йўналишни ўз ичига олади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва уни сертификатлаштирилиши, Агротехник тадбирлар ўтказилиши, Пахта хом-ашёси, дон ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланилиши, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланилиши шунингдек, Техника ҳолатини назорат қилиш йўналишлари шулар жумласидандир.Мулоқот давомида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Агроинспекцияни вазирлик билан интеграция қилиш, соҳавий йўналишларни тўлиқ рақамлаштириш ва бюджетдан ажратилаётган харажатларни камайтириш мақсадида соҳага илм билан ёндашиш ва бу борада аниқ мақсадларни ўзида акс эттирган дастур ёки йўл харита ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги назоратини кучайтирувчи технологияларини жалб қилган ҳолда самарадорликка эришиш, шунингдек, глобал муаммога айланиб бораётган об-ҳавонинг йилдан-йилга ўзгариб бориши, ҳавода карбонат ангидриднинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетиши оқибатида ўсимликларнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатиши, энг мақбул ечим эса ерни керакли ўғитлар билан озиқлантириб шудгорлаш масалаларига тўхталиб ўтди.
Йиғилиш сўнгида фикрлар тингланди. Инспекциянинг соҳадаги ролини ошириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Бунда энг асосийси соҳанинг назорат функциясидан келиб чиқиб келгусида қилинадиган ишлар кўлами белгилаб олинди.
"Ўзагроинспекция" Ахброт хизмати