Ру Ўз O`z En

Бу қизиқ: маҳсулотларни сертификатлаштиришда интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш механизми жорий этилди

15 Июнь 2023 2181

"Интеллектуал мулк” тушунчаси дастлаб 1967 йил 14 июлдаги “Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ)ни ташкил этиш тўғрисида”ги Стокгольм конвенциясида илгари сурилган. Мазкур конвенция билан  интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий мақомини ҳамда  унинг таркиби, яъни объектлари ҳам белгилаб берилган.

Интеллектуал мулк ақлий ёки ижодий фаолият маҳсули саналиб, ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, ақлий ёки ижодий фаолият маҳсули бўлган маҳсулотга нисбатан ҳуқуқни англатади. Оддий мулкдан фарқи, интеллектуал мулк бирон бир моддий кўринишга эга бўлмаслиги ҳам мумкин. Интеллектуал мулк кенг қамровли тушунча бўлиб, унга қуйидагилар киради:

муаллифлик ҳуқуқи (фан, адабиёт ва санъат асарлари);

турдош ҳуқуқлар (ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари);

саноат мулки (ихтиро, фойдали модель ва саноат намуналари);

электрон дастурлар ва маълумотлар базалари;

хусусийлаштириш воситалари (фирма номлари, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи, географик кўрсаткичлар);

селекция ютуқлари (ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотлари);

ошкор этилмаган ахборот, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);

интеграл микросхема топологиялари.

Интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш ўзаро бир-биридан фарқ қилади. Муҳофаза бирор интеллектуал мулкни яратиб, уни рўйхатдан ўтказишгача бўлган жараёндир. Масалан ихтиро яратилса, патентланади ва муҳофазага олинади. Ҳимоя эса ундан кейинги жараён бўлиб, кимдир интеллектуал мулкдан рухсатсиз фойдаланса, интеллектуал мулк ҳимоя қилинади.

Ўзбекистон Республикасида ҳам  интеллектуал мулкини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича бир қатор амалий чоралар ва қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар халқаро шартномалар нормаларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш орқали  такомиллаштирилмоқда, мазкур ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича янги махсус усуллар ва воситалар жорий этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг “Маҳсулотларни сертификатлаш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги буйруғи билан маҳсулотларни сертификатлашнинг амалдаги қоидаларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш механизми киритилди.

Энди сертификатлаш органи маҳсулотларни сертификатлашда айрим интеллектуал мулк объектлари, яъни товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари, географик кўрсаткичлар ва саноат намуналарига бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини қоидаларда назарда тутилган ҳолларда ўрганади  ва текширади.

Агар  четдан келтириладиган маҳсулотни ёки республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотни сертификатлаштиришни ўтказиш учун аризачи аризаси билан биргаликда, маҳсулотда қўлланилган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи тегишли объект рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги муҳофаза ҳужжати (гувоҳнома, патент ёки уларга илова) нусхаси ёки ундан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси нусхаси (агар бўлса)ни тақдим этса,  сертификатлаштириш жараёнида, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш амалга оширилмайди.

Ушбу ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда тегишли маҳсулотда бу ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш сертификатлаш органи томонидан икки иш кунида амалга оширилади.

Ўрганишда сертификатлаштириш синовларини ўтказиш учун танлаб олинган маҳсулот намуналарида (ёрлиқ ва қадоқларда) қўлланилган белги, ном ва бошқа реквизитлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Саноат мулки муҳофазаси портали»даги мавжуд маълумотлар билан солиштирилади.

Ўрганиш ва текшириш даврида сертификатлаштириш синовларини ўтказиш учун танлаб олинган маҳсулот намуналарида (ёрлиқ ва қадоқларда) қўлланилган белги, ном ва бошқа реквизитларда қонунчилик ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган интеллектуал мулк объектларилар билан адаштириб юборадиган даражада бир хил ёки айнан ўхшаш бўлган белгилар аниқланса, сертификатлаш органи томонидан аризачига асослантирилган рад жавоби берилади.

Хулоса қилиб айтганда маҳсулотларни сертификатлашда айрим интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш хорижий ва маҳаллий компанияларнинг ушбу мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда контрафакт маҳсулотларни муомалага чиқаришни олдини олиш бўйича муҳим механизм бўлиб хизмат қилади.

"Ўзагроинспекция"нинг Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими  

 

Text to speech