Мамлакатимизда аҳолини узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорларимизда нарх-наво барқарорлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давомий етказиб беришда ТЎҚСОНБОСТИ усулида экинлар экишнинг аҳамияти катта. Хусусан, Навоий вилоятида 2022 йил ҳосили учун фермер хўжаликлар томонидан ноябрь- декабрь ойларида очиқ майдон ва боғ-ток қатор орасига жами 1 847 гектар майдонга сабзавот экиш режалаштирилган. Экин экиш учун ерларни тайёрлаш, сифатли уруғликларни танлаш ва экиш муддатини кечиктирмаслик бўйича эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан мунтазам назорат ўрнатилган.
ТЎҚСОНБОСТИ экинлари - пиёз, саримсоқпиёз, сабзи ва ҳар хил кўкатлар экиш учун вилоят бўйича 1 058 гектар ер майдони экиш учун тайёрланган бўлиб, амалда 978 гектар майдонда сабзавотлар экилиши таъминланган. Шундан 901 гектари боғ-ток қатор орасига, 78 гектари очиқ майдонга тўғри келади. Жами 1 792 гектар майдонда пиёз экилиши режалаштирилган бўлса, бугунги кунга қадар 947 гектар майдонга экиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек 27 гектарга седана, 5 гектар майдонга эса исмалоқ кўкати экилган.
Хусусан Хатирчи туманида 504 гектар майдонда ТЎҚСОНБОСТИ экинлари экилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 273 гектар майдонга пиёз, саримсоқпиёз ва турли кўкатлар экилиши таъминланди. Жумладан, туманнинг “Оқ олтин” ҳудудидаги “Алиев Абдуғани”, “Қосим Раҳматов” ҳудудидаги “Тўхта бобо” фермер хўжаликларининг 0,50 сотих боғ-ток қатор ораларига режага кўра ТЎҚСОНБОСТИ экинлари экилган.
- ТЎҚСОНБОСТИ ердан бир йил давомида такрор унумли фойдаланиш, шу билан бирга даромад манбаи ҳамдир, - дейди “Алиев Абдуғани” фермер хўжалиги раҳбари А. Алиев. – Ерни тайёрлаб, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириб, пиёз, саримсоқпиёз ва турли кўкатлар эккандик. Ҳозир суғориш ва қўшимча озиқлантириш ишлари олиб бориляпти. Экинларимиз бўй кўрсатган. Эрта баҳорда етилган ҳосилни ўзимиздан ортганини ички бозорга олиб чиқамиз. Элимиз дастурхонига сифатли сабзавот экинлари етказиб беришимиздан мамнунмиз. Экинларни тўғри парваришланиши, сифатли уруғ танланиши борасида “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими ходимлари маслаҳат ва тавсия бериб келишмоқда.
- Жорий йил туман бўйича 135 та фермер хўжалик майдонига ТЎҚСОНБОСТИ экинлари экилиши режалаштирилган “Ўзагроинспекция”нинг Хатирчи туман бўлими қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шуъбаси катта инспектори Жамолиддин Бобомуродов.- Бу борада мунтазам назоратни олиб борилаётганлиги, экишни кечиктирган, ерларни ўз вақтида тайёрламаган 22 нафар фермерга огоҳлантириш, 8 нафарига эса ёзма кўрсатма берилиши таъминланиб, экиш ишларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида гапириб берди.
ТЎҚСОНБОСТИ усулида сабзавот экиш ишлари туманлар кесимида таҳлил қилганда, Навбаҳор туманида 262, Қизилтепада 247, Карманада 146, Конимехда 26, Нурота туманида эса 24 гектар майдонга экинлари экилганлиги аниқланган. Бу эса барча ҳудудларда режанинг 50-60 фоизи бажарилганини кўрсатади. Сабзавот экинлари экиш ишларини тўлиқ бажарилиши борасида Инспекциянинг барча туман бўлимлари томонидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга фермер хўжалиги раҳбарларига зарур тавсиялар берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати