Тошкент вилояти ва унинг туманларидаги мавжуд 2 та Кооперация тизимидаги ва 6 та пахта тўқимачилик кластерларига ва пахта тозалаш корхоналарига қарашли 31 та пахта қабул қилиш масканларида 2020 йил пахтадан 229 600 тонна мўл ҳосил олиш кўзланган. Бу йил Тошкент вилоятида 1 313 та фермер хўжаликлари томонидан 73 001 гектар майдонга сифатли уруғ қадалиб, ўртача 31.4% ҳосилдорлик кутилмоқда.
Вилоятдаги пахта тозалаш корхоналарига қарашли 31 та пахта қабул қилиш масканларида ҳар йилгиданда бу йил пахта мавсумига қизғин ва пухта тайёргарлик ишлари изчиллик билан амалга оширилди.
Жумладан, пахта қабул қилиш масканларидаги мавжуд тарозихоналар "Ўзстандарт" агентлиги томонидан назорат қилиниб, синов лабораторияларидаги асбоб-ускуналар Давлат қиёсловидан ўтказилди ва ўрнатилган тартибда мувофиқлик сертификатлари берилди. Пахта хом-ашёсини қабул қилишда муҳим саналган кичик механизация воситалари, ғарам майдонлари, электр шкафлар, ёнғин қалқонлари ва сув ҳовузлари, ўт ўчириш автомашиналари ҳамда ҳудудни ёритиш воситалари қисқа фурсатда таъмирдан чиқарилиб, улар учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш ўз вақтида амалга оширилди.
Қолаверса, ҳар бир масканда жойлашган дам олиш хонаси таъмирдан чиқарилиб, керакли жиҳозлар ва қўлланмалар билан таъминланди. Бу каби ишларни амалга оширишда пахта тозалаш корхоналари мутасаддилари билан бир қаторда Инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда пахтачилик туман бўлим инспекторларининг ҳам улуши катта.
Бу йилги кутилаётган пахта хом-ашёсининг мўл-кўл бўлишида, албатта ғўза парвариши даврида ўз вақтида ва сифатли тарзда амалга оширилган агротехник тадбирларнинг ўрни беқиёс. Жумладан, ғўза парвариши учун зарур бўлган маҳаллий ва минерал ўғитлар, ғўзани шарбат усулида пешма-пеш суғориш, вақтида амалга оширилган культивация ва чеканка ишлари, терим олдидан амалга ошириладиган дефоляция тадбирлари, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши қўлланилган воситалар кўзланган ҳосилдорликни олишда муҳим аҳамият касб этади.
2020 йилни пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан, ёғин-сочин кунларга қолдирмай ўз вақтида йиғиб териб олиш жараёнида вилоят бўйича жами 119 та пахта териш машиналари сафарбар этилган. Жумладан Бекобод туманида 13 та, Бўка туманида 33 та, Оққўрғон туманида 29 та, Қуйичирчиқ туманида 25 та ва Чиноз туманида 19 та, вилоятда жами 62 та "КЕЙС", 18 та "John Deere", 39 та МХ-1,8 русумли пахта териш машиналари "Агросервис МТП" МЧЖ, кластер корхоналари ва фермер хўжаликларида мавсумга шай.
Терилган пахта хом-ашёсини ўз вақтида ва сифатли тарзда масканларга ташиб келтириш мақсадида, вилоятда 827 та транспорт тракторлари шу билан бирга 1406 та тиркамалар таъмирдан чиқарилиб, далолатномалар асосида мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган.
Шу билан бирга, Инспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” 545-сонли қарори ижро учун қабул қилиниб, бу борада назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция” Тошкент вилояти бошқармаси