Ру Ўз O`z En

Тошкент вилояти: Тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши назоратда

25 Ноябрь 2021 2393

Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно нақл бор. Бунда қишнинг тўқсон куни назарда тутилган. Бу нақл бежиз айтилмаган, негаки мутахассисларнинг таъкидлашича, кузда экилиб, қор остида қолдирилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. Эрта баҳорда эса маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиши сир эмас.

Деҳқончиликнинг Тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртанги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини беради. Натижада қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимиз тўкин-сочин, нарх-наво барқарор бўлади. Ушбу масалага ҳукуматимиз томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг соғлом овқатланиши, халқимиз дастурхонига йил давомида ҳар хил сабзавот маҳсулотларининг етиштирилиши ва етказиб берилишини таъминлаш мақсадида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан назоратга олинган.

Жорий йилда, Тошкент вилояти бўйича жами бўлиб 28 минг 858 гектар майдонга август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида Тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши белгиланди. Барча тоифа хўжаликларида август-сентябрь ойларида 8 минг 804 гектар майдонга пиёз ва саримсоқпиёз экилиб, зарур агротехник тадбирлар амалга оширилаётган бўлса, бугунги кунда 10 минг 506 гектар майдонга Тўқсонбости усулида сабзавот экинлари (пиёз, сабзи, кўкатлар, карам ва ош лавлаги)ни экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан аҳоли томорқаларида, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан экиш ишларининг бориши, уруғликлар, моддий-техник ресурсларнинг ўз вақтида етказиб берилиши каби масалалар жойида ўрганилиб, бу борадаги тадбирларни самарали ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят туманларининг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда очиқ майдонларга ва боғ-ток қатор ораларига Тўқсонбости усулида сабзавот экинларини навлар бўйича жойлаштириш, экиш ва парваришлаш бўйича кўрсатмалар бериб борилмоқда.

Вилоят бўйича асосий сабзавот экинларининг юқори авлодли маҳаллий навлари уруғларини етказиб берувчи Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Тошкент илмий тажриба станциясида кашнич, укроп, қовун, тарвуз, бақлажон, помидор, бодринг, лавлаги, карам, сабзи, турп, шолғом уруғи, фасол, пиёз, редиска, қовоқ, ширин қалампир, патисон, кабачка, редиска уруғликлар тажриба станцияси омборида сақланмоқда.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошка уруғликларининг сақлаш қоидаларини бузганлиги учун Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти масъул мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 104-моддаси 2-қисми, тажриба станцияси мансабдор шахсларига эса нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 107-моддаларида ҳамда МЖтК 212-моддасида назарда тутилган қоидабузарликлар содир этганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб тегишли тартибда судларга юборилди.

Ҳозирда инспекциянинг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан доимий ва кунлик назорат ўрнатилиб, тегишли тартибда ўрганилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан чоралар кўриб борилмоқда.

C.Садиков, Агроинспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи                                                                                

Ш.Усубалиев, Агроинспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси бош инспектори                                                                                     

Text to speech