Ру Ўз O`z En

Тошкент вилояти: 2022 йил мобайнида соҳа юзасидан жами 100 га яқин мурожаатлар келиб тушган

9 Январь 2023 1311

Сўнги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга бўлган эътибор янада ортган. Ҳар бир тадбиркор, фермер ва корхона фаолияти янада ривожланиши ва истиқболли бўлиши кўп жиҳатдан соҳадаги тартиб-интизом ва қонун устуворлигини таъминланишига боғлиқ. Бундан ташқари, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, икки томонлама мулоқот тизимини йўлга қўйиш ҳам соҳа ривожи учун катта хизмат қилади.

Бугунги кунда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тошкент вилоят бошқармасига Инспекция ишонч телефони, Президент веб-сайти, "Тадбиркорлар виртуал офиси" ахборот портали ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ёзма, оғзаки ва электрон шаклдаги мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги ҳолатлардан келиб чиқиб ҳам ўрганиш ишлари олиб бориляпти.

«Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилоят бошқармаси ва туман бўлимларига ўтган 2022 йил мобайнида Агросаноат мажмуига кирувчи соҳалар бўйича жами 99 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 14 таси фермер хўжаликлари, 5 та тадбиркорлар 3 та кластерлар, 67 та бошқа юридик шахслар ҳамда 10 та жисмоний шахслар мурожаатини ташкил қилмоқда

Ушбу мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, 19 та қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаси ҳолатлари бўйича, 31 та қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича, 6 та пахта хом ашёси, дон экинлари, кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштириш бўйича, 15 та агротехник тадбирларнинг ўтказилиши бўйича, 1 та чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш бўйича, 19 та дон-уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланиш юзасидан ва 8 та бошқа масалаларга оид мурожаатлар келиб тушган.

«Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилоят бошқармаси ва туман бўлимларига қонунбузилиши юзасидан ариза ва шикоятлар келиб тушган ҳолларда қонун бузилиши ким содир этилган бўлса, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман)ни хабардор қилган ҳолда ушбу хўжалик юритувчи субъектда назорат тадбири ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар асосида ҳолат ўрганилди.

Юқоридаги ҳолатларда қонунбузилиши тасдиқланса, Инспекция томонидан ўз ваколатлари доирасида давлат органларига, мулкчилик шаклидан қатъий назар ташкилот, муассаса ва корхоналарга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномалар киритилади. Кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жарималар қўллаш бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилади.

Бундан ташқари, фирибгарлик, қўпол қонун бузилиш ва жиноят аломатлари бор деб ҳисобланган ҳолатларда хўжалик юритувчи субъектлар устидан тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади.

Мисол учун, Вилоятнинг Янгийўл туманида жойлашган «Ҳ» фермер хўжалиги ёнидаги чегарадош «Р» фермер хўжалиги томонидан зовур сувларига сунъий тўғон ўрнатиб, сунъий балиқ ҳовуз ташкил этиб, ноқонуний балиқ боқаётганлиги сабабли, унинг фермер хўжалиги ерларига экинларни суғориш учун сув етиб бормаётганлиги юзасидан шикоят қилган.

Мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилганда, Янгийўл туманидаги «Р» фермер хўжалиги раҳбари томонидан фермер хўжалигига қарашли экин майдонларига сув олиш мақсадида ҳудуддан оқиб ўтувчи «Салар-2» коллекторига ҳақиқатдан ҳам ноқонуний тўғон ўрнатилганлиги аниқланиб, камчиликлар бартараф этилди.

Ушбу ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар тўплами ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юборилди.

Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахслар ҳамда «Ўзагроинспекция» ўртасида юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш мақсадида «Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилоят бошқармасида Апелляция кенгаши ташкил этилган.

Мазкур апелляция кенгашининг асосий вазифаларидан бири юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал қилиш чораларини кўриб боришдан иборат. Шунга кўра, жисмоний ва юридик шахслар юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш мақсадида ушбу Апелляция кенгашига ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

 

л.Исабеков, «Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилоят бошқармаси бош инспектори

 

Text to speech