Республикада суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган майдонларда сердаромад ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, талаб этиладиган моддий ресурсларни етказиб бериш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш тадбирларини тизимли ташкил қилиш ҳар бир масъул учун муҳим масала ҳисобланади.
Жорий йилда Тошкент вилоятида эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган 78 минг 996 гектар майдонларга такрорий экинлар экилиши режалаштирилган.
Бу йил миришкор деҳқонлар томонидан мавжуд 103 минг 845 гектар ер майдонида етиштирилган ғаллани нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлими ходимлари томонидан эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган майдонларда такорорий экин экиш ишларини ўз муддаларида якунлаш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Аҳолини арзон, сифатли, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгорланиб, такрорий экин экиляпти. Вилоятнинг 14 туманидаги фермер хўжаликларининг эртаки экинлардан ва ғалладан бўшаган 78 минг 996 гектар ер майдонларига такрорий экин экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Шу кунга қадар вилоят бўйича жами 65 минг 720 гектар, шундан 6 минг 400 гектар ер майдонида сабзавот, 2 минг 519 гектарда картошка, 34 минг 725 гектар дуккакли экинлар, 5 гектар дон учун маккажўхори ҳамда 19 минг 741 гектар ерда озуқа экинлари экилиши якунига етказилди.
Шунингдек, Чиноз, Ўртачирчиқ, Тошкент, Зангиота туманларининг ғалладан бўшаган ер майдонларига картошканинг Аризона, Монтен-Карло, Монреал, Торонто, Констанс, Пикассо, Эсми, Сялвана, Фонтанг ва Артимис навлари экилади. Дуккакли экинларни, айниқса, мош, ловия экишда экишнинг сочма усулидан фойдаланиляпти.—дейди “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси бош инспектори Ш. Усубалиев.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, такрорий экинларни ўз вақтида экилиши юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман бўлими ходимлари томонидан жойларда профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.
"Ўзагроинспекция" Тошкент вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.