Қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан, бошоқли дон етиштиришда уруғлик сифати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда уруғлик дон тайёрлаш, уни сақлаш, дорилаш ва тарқатиш бўйича бир қатор меъёрий тартиб-тамойиллар ишлаб чиқилган бўлиб, унга амал қилиш дон сифтининг бузилмаслигини кафолатлайди.
Вилоятимизда кузги ғалла экиш ишлари бошланган айни пайтда ҳар бир майдонга белгиланган тартибда тайёрланган ва сифати кафолатланган уруғлик дон экилиши лозим.
Бироқ, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида вилоятдаги дон корхоналари томонидан уруғлик донни таёрлаш, дорилаш ва тарқатиш бўйича бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам аниқланмоқда.
Жумладан, “Қамаши дон қабул қилиш” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган назорат тадбирида 2020 йил ҳосилидан қабул қилинган уруғлик дон партиялари жамиятнинг очиқ майдонларида сақланаётгани, қадоқланган уруғлик донни жойлаштиришда эса белгиланган масофага амал қилинмагани аниқланди. Айни пайтда жамиятнинг уруғлик цехи омбор мудири Б.Х га нисбатан баённома расмийлаштирилиб, маъмурий иш қўзғатилган.
Ҳудди шундай қонунбузилиши ҳолатига “Косон дон” дон маҳсулотларини қабул қилиш корхонаси уруғлик тайёрлаш цехи раҳбари Ш.Х ҳамда “Дунё-М” АЖ Шаҳрисабз филиали омбор мудири Н.У лар томонидан ҳам йўл қўйганлиги сабабли, маъмурий жавобгарликка тортилди.
Айни пайтга қадар “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан 2021 йил ғалла ҳосили учун сифатли уруғлик дон тайёрлаш мақсадида дон тайёрлаш корхоналарида жами 8 та назорат тадбирлари ташкил этилиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига нисбатан 17 миллион 840 минг сўм жарима қўлланилди, 1 та кўрсатма, 5 та тақдимнома, ҳамда 23 та огоҳлантиришлар киритилди.
Рустам КАРИМОВ, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси, бош инспектори