“Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддаси ва O’z DSt 642:2013 Уруғлик пахта. Техникавий шартлар давлат стандартида келгуси йил ҳосили учун жамғарилган уруғлик пахта хом ашёсини ғарамларда сақлаш тартиби белгилаб берилган.
Бунга кўра, фермер хўжаликларидан қабул қилиб олинган уруғлик пахта 250-300 тоннадан қилиб селекцион нави, авлоди, нав тозалиги, дала гуруҳи, саноат нави, келиб чиқиши, синфига қараб алоҳида-алоҳида тўдаларга тўпланади.
Бир хил уруғлик материали олиш учун апробация давомида аниқланган ҳар бир дала гуруҳидан териб топширилган уруғлик пахталар нави ва авлоди бир хил бўлишидан қатъий назар алоҳида ғарамларда сақланади.
Сентябрь ойида терилган уруғлик пахтани битта тўдага жамлаш 15 кундан, октябрь ойидаги терилган уруғлик пахта эса 10 кундан ошмаган ҳолда алоҳида ғарамланиши лозим. Уруғлик пахтанинг икки тўдасини битта майдончага тўплашга йўл қўйилмайди.
Жорий йилдаги ғўзанинг ҳолати ва пишиб етилишидан келиб чиққан ҳолда уруғлик пахтани қабул қилиш муддатлари белгиланади.
Нав синаш участкасида етиштирилган уруғлик пахтани қабул қилиб олиш ва тўдаларга тўплаш давлат нав синаш участкаси вакили иштирокида амалга оширилади.
Пахта тозалаш корхонасида уруғлик пахтани тўдаларга тўплаш корхона агрономи ва “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУКнинг уруғчилик йўналиши бўйича туман бўлими мутахассиси раҳбарлигида амалга оширилади. Тайёрлов пунктида икки ва ундан ортиқ хўжаликдан келтирилган бир хил уруғлик пахта тўдалари селекцион ва саноат нави бир хил кўрсаткичларига эга бўлган ҳоллардагина “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУКнинг уруғчилик йўналиши бўйича туман бўлими мутахассисининг рухсати билан қўшиб тўдаларга тўпланиши мумкин.
Пахта тозалаш корхонасига бир туманнинг турли тайёрлов пунктларидан олиб келинган уруғлик пахталарнинг нави, авлоди ва дала гуруҳи бир хил тўдаларда бирлаштириш (тўплаш) фақат ўзаро бирлаштирилаётган уруғлик пахта тўдаларининг экинбоплик сифат кўрсаткичлари бир-бирига яқин натижалари қайд этилгандагина, “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК нинг уруғчилик йўналиши бўйича туман бўлими рухсати билан амалга оширилади.
Пахта тозалаш корхонаси техник назорат бўлими уруғлик пахтанинг ҳар бир тўдасини тўплаш билан бир пайтда тайёрлов пунктлари лаборантлари орқали ҳар куни қабул қилинаётган пахтадан белгиланган услуб асосида намуналар танлаб олинишини йўлга қўяди. Шунингдек, уни қайта ишлашни ташкил этади. Намуналар олингандан сўнг уч кун ичида “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК нинг уруғчилик йўналиши бўйича туман бўлимига 1 кг пахта чигити унинг механик шикастланганлик даражасини аниқлаш учун берилади. Пахтанинг қолган қисмидан лабораторияда толадан чигит ажратиб олинади ҳамда чигитнинг пишганлиги ва унувчанлигини аниқланади.
Уруғлик пахта тўдасининг ҳажмига қараб намуна тўдадан ёки унинг қисмидан (назорат бирлиги) олинади. Назорат бирлигининг ҳажми уруғлик пахта учун – 50 тоннани ташкил этади.
Олинган ҳар бир намунага тайёрлов пункти лаборанти имзолаган тўда рақами, пахтанинг селекцион нави, авлоди, саноат нави, синфи, тўдани тўплаш бошланган вақти ва унинг вазни намуна олиш муддати кўрсатилган ёрлиқ ёпиштирилади.
Уруғлик пахта қабул қилувчи пахта тозалаш корхоналари ва масканларида ҳудуднинг бир қисмига техник ва бошқа қисмига уруғлик пахта хомашёси алоҳида-алоҳида тўдаларда жамғарилиб сақланади.
Районлаштирилган ва янги навларнинг элита авлодининг уруғлик пахтаси янги қоп-қанорларга солиниб, ҳар бир қопнинг ички ва ташқи қисмига амалдаги стандарт талаблари асосида тайёрланган ёрлиқлар қўйилиб, қуруқ, тоза ва ёпиқ омборхоналарда чуқур ҳосил қилган ҳолда сақланади. Қанор қоплар ёғоч таглик устига тахлаб қўйилади.
Уруғчилик хўжаликларини районлаштирилган ва янги навларнинг элита пахта хомашёси солинадиган қоп-қанорлар билан уруғлик пахта тайёрловчи корхоналар ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари ва кластер корхоналари таъминлайди.
Уруғлик пахтанинг биринчи авлоди ёйиқ ҳолда қуруқ бинода сақланади. Биринчи авлодга мансуб районлаштирилган ғўза навининг 200 тоннагача қисмини очиқ майдонларда ғарамлаб, янги брезент билан ёпиқ ҳолда сақлашга рухсат этилади.
Уруғлик пахтанинг иккинчи ва ундан паст авлодли ҳар бир тўпланган тўдалари бошқа тўдалардан алоҳида ажратиб, майдончаларда ғарам ҳолида янги брезент билан ёпиб, намланишга ва уруғлик материалнинг бузилишига йўл қўймаган шароитда сақланади.
Уруғлик пахта сақланаётган ҳар бир омбор ёки ғарамга пахтанинг 8-ХЛ шаклли паспортидан кўчирма ёпиштириб қўйилади. Унда тўда рақами ва вазни, селекцион ва саноат нави, синфи, авлоди, нав тозалиги, апробация ўтказилгандан кейин аниқланган дала гуруҳи, омборхона ёки ғарам рақами, қабул қилувчининг фамилияси кўрсатилади.
Паспортдаги ёзувларнинг ўз вақтида ва тўғри тўлдирилиши учун масъулият қабул қилувчи ва корхона ёки пунктнинг катта лаборанти зиммасига юкланади. Пахта тозалаш корхонаси агрономи ва “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК нинг уруғчилик йўналиши бўйича туман бўлими мутахассиси уруғлик пахта паспортидаги ёзувларнинг тўғрилигини текшириб боради.
Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими