Ру Ўз O`z En

Уруғлик пахтани териш тартиби ҳақида биласизми?

24 Сентябрь 2020 3747

Уруғлик пахтани териш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан тасдиқланган қўшма баёнга асосан апробациядан ўтган уруғлик майдонларида амалга оширилади.

Уруғлик пахта майдонларида етиштирилган ҳосилни ўз вақтида ва уюшқоқлик билан териш ҳамда келгуси йил ҳосили учун юқори сифатли уруғлик чигит тайёрлаш мақсадида қуйидагиларга эътибор қаратилиши лозим:

- уруғлик пахталар 60-70 фоиз очилган ва апробациядан ўтган ғўза майдонларидан навга хос бўлган ғўза тупининг 3 - 7 ҳосил шоҳларидаги 1 - 2 ўринда жойлашган, тўлиқ очилган ва касалланмаган чаноқлардан терилади. Терим ишларига апробаторлар, “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш маркази ходимлари томонидан инструктаждан ўтган махсус теримчилар жалб этилади;

- уруғлик пахта махсус чўнтакли, 1-категорияли этакларга терилади;

Бунда навга хос бўлмаган ўсимликлар ва нимжон очилган чаноқлардаги пахталарни этакнинг махсус чўнтагига терилади;

- уруғлик пахтани белгиланган тартибда сифатли қилиб терилишини назорат қилиш мақсадида 50 нафаргача теримчиларга биттадан агроном-мутахассис бириктирилади;

- териб олинган уруғлик пахталарни давлат стандарти талабларида топшириш мақсадида ҳар бир уруғчилик хўжалигида кунлик териладиган пахта миқдоридан келиб чиқиб 6 тоннадан 20 тоннагача сиғимга эга бўлган қуритиш хирмонлари ташкил этилади;

-элита авлодли уруғлик пахталар махсус қопларга терилиб, ҳосил йили, ғўза нави, уруғчилик хўжалиги номи ёзилган ҳолда куннинг ёруғ вақтида топширилади;

-мавсум охиригача уруғчилик хўжалигининг тиркамасида фақат битта нав ва битта авлод ташилиши назорат қилинади;

-элита авлод уруғлиги етиштириладиган майдонларда ғўза дефолиацияси ўтказиш тақиқланади. Биринчи, иккинчи ва учинчи авлод уруғлиги етиштириладиган майдонлар ярусли пахта териш машиналарида териш кўзланганда ғўза дефолиацияси юмшоқ таъсир этувчи рухсат этилган препаратлар билан ҳосилнинг камида 40-50 фоизи очилганда ўтказилади;

- уруғлик пахтани қабул қилиш жараёнида ҳар бир масканга туманлар қишлоқ хўжалик бўлимлари, Уруғчиликни ривожлантириш маркази ҳудудий бошқармалари, шартнома асосида “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК, пахта-тўқимачилик кластер корхоналаридан масъул вакиллар бириктирилади;

- “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК мутахассислари уруғлик пахтани қабул қилиш, жамғарилган уруғлик пахталарни дастлабки сифат кўрсаткичларини прогноз таҳлил қилиш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, чигитни туксизлантириш, дорилаш, қадоқлаш жараёнларининг давлат стандартлари ҳамда белгиланган регламентларга риоя қилган ҳолда бажарилишини назорат қилиш ишларига шартнома асосида жалб қилинади.

Уруғлик пахталарни қуритилган ҳолда, намлик ва ифлослик даражаси O’z DSt 642:2013 “Уруғлик пахта. Техникавий шартлар” давлат стандарти талаблари асосида сутканинг ёруғ кунида кеч соат 19:00 гача топширилиши шарт.

 

“Ўзагроинспекция” 

 

 

Text to speech