Ру Ўз O`z En

Узумзорни ноқонуний ўзлаштирганларга нисбатан чора кўрилди

8 Июнь 2020 2567

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида ажратилган ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ноз-неъмат яратиш эвазига аҳоли маъмурчилиги ва бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги корхоналари зиммасидаги асосий вазифа ҳисобланади.  Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек “Ўзагроинспекция” Ургут туман бўлими томонидан ўтказилаётган мониторинг-ўрганишлар давомида амалдаги қонун талабларини қўпол равишда бузаётган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид тарзда фаолият кўрсатаётганлар учраб турибди. 

Хусусан, Инспекциянинг Ургут туман бўлими томонидан “NASRILLO DALASI NURI” фермер хўжалиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси талабларига риоя этилиши аҳволи  ўрганилганда,  фермер хўжалигига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш  учун  ажратилган 54,8 балл бонитетга эга узумзорда Бешкапа маҳалла фуқаролари томонидан ноқонуний бино ва иншоотлар қурилганлиги аниқланди.

 Жумладан, Бешкапа-1 ва Бешкапа-2  маҳаллаларида яшовчи уч нафар фуқаролар Н.Ж, И.Б ва У.М.лар томонидан, фермер хўжалигига тегишли узумзор ноқонуний равишда ўзлаштирилиб, уй-жой ва  хўжалик бинолари қурганлиги натижасида ер ресурслари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга яроқсиз ҳолатга келтирилган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар томонидан давлат манфаатларига 18 млн сўмдан ортиқ зарар келтирилганлиги аниқланди.

Қонунбузилиши ҳолатларини содир этганларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чораси қўлланилди. Ернинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун  яроқсиз ҳолга келтирганлиги натижасида давлат манфаатларига етказилган 18 млн 167 минг 700 сўмлик зарар ҳуқуқбузарлар томонидан ундирилди.

Text to speech