“Ўзагроинспексия”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда, қишлоқ хўжалигига ажратилган ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Хусусан, Самарқанд туманида жойлашган “Ф.Қосимова агросервис агрофирмаси” ҳудудида, қишлоқ хўжалиги харитасининг 470-контурида жойлашган 81,0 балл бонитетга эга суғориладиган ер майдонида, маҳаллий фуқаро томонидан 80 квадрат метрли молхона қурилиши аниқланган. Ушбу ўзбошимчалик билан қурилган қурилиш туфайли мазкур ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилган. Ҳолат бўйича ҳисоб-китоблар асосида давлатга етказилган зарар миқдори 10 миллион 102 минг 289 сўмни ташкил этди.
Шунингдек, Тойлоқ туманининг “Илмобод” маҳалласида яшовчи фуқаро Самадов Акмал томонидан, узоқ йиллардан буён ижара асосида фойдаланиб келинаётган, “Шоҳрухмирзо Нозима боғлари” фермер хўжалигига қарашли 75 балл бонитетли, 0,1872 гектар суғориладиган ер майдонининг унумдор қатламига жиддий зарар етказилгани аниқланган. Унумдор қатлам 60–70 сантиметр чуқурликда ковланган бўлиб, бу ҳолат натижасида ер қишлоқ хўжалиги айланишидан чиқиб қолган. Мазкур ҳолат натижасида давлат манфаатларига 198 миллион 771 минг 888 сўм миқдорида зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ баҳоланди ва қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилди.
“Ўзагроинспексия”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси, ерларидан фойдаланувчи ва ижарачи бўлган барча юридик ва жисмоний шахсларни умуммиллий бойлигимиз, халқимизнинг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси бўлган ердан оқилона фойдаланишга, энг аввало суғориладиган ерларнинг алоҳида муҳофаза этилишини, кенгайтириб борилишини ҳамда улардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш чақиради.
А.Холбеков,
“Ўзагроинспексия” Самарқанд вилоят бошқармаси
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи