Бугунги кунда Республикада 2024-йил ҳосили учун 1 млн 169 минг 775 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда.
Жорий йилнинг 15-ноябрь ҳолатига ғалланинг ҳолати таҳлил қилинганда, 82 фоиз (961 минг.га) майдонда ғалла тўлиқ униб чиққан, шундан 42 фоизи (410 минг.га) 1-2 барг, 37 фоизи (352 минг.га) 3-4 барг ва 20 фоизи (197 минг.га) туплаш фазасида ривожланмоқда.
Шунингдек, ғалла майдонларининг 1 млн 38 минг гектарида яъни 88 фоизида 1-суғориш, 126 минг гектар 11 фоизида 2-суғориш ишлари амалга оширилган.
Ҳозирги пайтда ғаллани азотли ўғитлар билан куз ойларида озиқлантириш, ниҳолларда қўшимча поя шаклланишига ва туплаш жараёнига ижобий таъсир қилади ва келгусида ғалладан юқори ҳосил олиш учун замин бўлади.
Шунинг учун, ҳудудларда ғаллани қишловга туплаган ҳолда киришини таъминлаш учун гектарига (физик ҳолда) 100-150 кг.дан азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш белгиланди.
Ушбу тадбир, Республикада атиги 154 минг гектар ёки 13 фоиз ғалла майдонларида ўтказилган халос.
Шу билан бирга, ҳудудларда 33 минг 388 гектар ёки 3 фоиз майдонда ғалла баргидан озиқлантирилди.
Республикада 2024-йил ҳосили учун ғалла экилган майдонларда агротехник тадбирларни бажарилиши устидан “Ўзагроинспекция” томонидан назорат ўрнатилди.
Хусусан, “Ўзагроинспекция” томонидан ғалла майдонида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан 12 минг 181 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, тадбирлар давомида дон экилган майдонларда ғалланинг униб чиқиши, суғориш, озиқлантириш, тўлиқ кўчат олинганлигига ҳамда маҳаллий ўғит чиқариш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ғалла парваришида агротехник тадбирларни бажарилишида қайд этилган салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, соҳа масъулларига 105 та тақдимномалар ва фермер хўжаликларига 12 минг 76 та огоҳлантириш берилди.
“Ўзагроинспекция” томонидан ҳудудларда ғалла парваришида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан мавсум давомида доимий назоратга олиб борилади.
“Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими