Ру Ўз O`z En

Хоразм: Уруғлик ғалла майдонларини апробация кўригидан ўтказиш юзасидан семинар ташкил этилди

16 Май 2024 1194

Вилоятда 2024-йил уруғлик ғалла ҳосили учун 70 нафар дон етиштирувчи субъектлар томонидан 2 мингдан ортиқ гектар майдонга кузги буғдойнинг 10 та селекцион навларидан авлодлар бўйича жами 8000 тонна уруғлик дон етиштириш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 16-май куни 2024-йил ҳосилидан уруғлик дон тайёрлаш мақсадида Янгибозор тумани “Хоразм фахри” уруғчилик кластери уруғлик ғалла майдонида келгуси йил ҳосили учун жамғариладиган уруғлик ғалла майдонларини апробациядан ўтказиш бўйича семинар ўтказилди.

Семинарда Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Уруғчиликни ривожлантириш маркази вилоят бошқармаси, Инспекциянинг вилоят ва туман бўлимлари, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази ДМ, ва уруғлик ғалла етиштирувчи субъектлар раҳбарлари иштирок этдилар.  

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таклифида белгиланган юқори авлодли уруғлик дон етиштириш жараёнларида умумий майдонларга нисбатан авлодлар ўртасидаги мутаносиблик ва оралиқни сақлаган ҳолда апробациядан ўтказиш белгиланганлиги , шунингдек, Президентнинг 2018-йил 27-апрелдаги ПҚ–3683-сонли қарорида белгиланган “битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги” борасида фикрлар алмашилиб, апробаторларга бу борада тушунтиришлар бериб ўтилди.

Бугунги кунда юқори авлодли уруғликлар асосан Янгибозор ва Урганч туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хусусан, Янгибозор тумани бўйича 2024-йил ҳосилидан 23 нафар уруғлик дон етиштирувчи субъектлар томонидан 1 060 гектар уруғлик майдонларида кузги буғдойнинг 5 та селекцион навларидан авлодлар бўйича жами  4 504 тонна уруғлик дон етиштириш режалаштирилган.

Урганч тумани бўйича 2024-йил ҳосилидан 10 нафар уруғлик дон етиштирувчи субъектлар томонидан 260,5 гектар уруғлик майдонларида кузги буғдойнинг 5 та селекцион навларидан авлодлар бўйича жами 876 тонна уруғлик дон етиштириш режалаштирилган.

Шунга кўра, апробация жараёнларида аниқланган барча мунозарали масалаларни Инспекция томонидан ҳал қилиниши бўйича тушунтиришлар берилиб, апробация кўригини ҳукуматнинг тегишли қарори асосида тасдиқланган низом талабларига биноан ўтказиш лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, уруғлик майдонларда нав тозалиги оригинал ва элита авлодли уруғликда 99.7 фоиз, р-1 авлодида 98 фоиздан кам бўлса, чанг қоракуя билан зарарланиш 0.3 фоиз ва қаттиқ қоракуя билан 0.1 фоиздан юқори бўлса уруғликдан чиқариш чораларини кўриш ҳамда ажралиши қийин бўлган бегона ўтлар поялари билан ифлосланиш даражаси 2 фоиздан юқори ва ажралиши қийин бўлган маданий ўсимлик турлари билан ифлосланиш даражаси 3 фоиздан юқори бўлган майдонлар яроқсиз- деб топилиши қатъий назорат қилиб борилиши тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.

Семинар давомида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг вилоят бошқармаси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази вилоят бўлими ҳамда Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг апробация кўригига масъул ходимлари томонидан қўшимча кўрсатмалар бериб кетилди.

Келгуси йил ҳосили учун юқори сифатли навдор уруғлик захирасини яратишда бу каби тадбирларнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта бўлиб, ғаллачиликда иқтисодий самарадорликнинг юқори бўлишига замин яратади.

"Ўзагроинспекция"нинг Хоразм вилоят бошқармаси

Text to speech