Ру Ўз O`z En

Янги ғўза навлари синови Инспекция назоратида

25 Ноябрь 2022 2166

"Ўзагроинспекция" фолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, Инспекцияга қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш ишларини устидан назорат юритиш белгиланган.

Инспекция марказий аппаратининг 2022 йил II ярим йилликка мўлжалланган иш режасига мувофиқ,  Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига қарашли нав синаш участкалари ва станцияларида Ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” га риоя қилиниши, янги ғўза навларини синаш бўйича олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш белгиланган.

Шунга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига қарашли 36 та нав синаш станцияларида ғўза навлари синови ўтказилиши таҳлиллар асосида ўрганилди.

Ушбу марказ томонидан 2022 йил 2 февралда тасдиқланган “2022 йилда қишлоқ хўжалиги экинларининг конкурс ва кенгайтирилган синовларини жойлаштириш бўйича режа дастур тақсимотномаси”да 93 та, шундан 16 та истиқболли, 9 та ингичка толали ва 68 та ўрта толали янги ғўза навларини синовдан ўтказиш белгиланган.

Ўрганишлар жараёнида жами 114 та, шундан 7 та истиқболли, 12 та ингичка толали 95 та ўрта толали (шундан 12 таси эртапишар) янги ғўза навлари синовлардан ўтказилганлиги аниқланди.

Турли тупроқ иқлим шароитида навларни синаш натижалари асосида янги яратилган ғўза навларининг ҳудудлар иқлим шароитига мослиги, қимматли хўжалик белгилари бўйича ҳар бир ҳудуднинг асосий майдонларида экиб келинаётган андоза навлардан ҳар томонлама устунлиги ўрганилиб, ҳар бир ҳудуд кесимида аввал истиқболлилиги, кейинчалик районлаштирилиши белгиланади.

Ҳозирда Марказга қарашли лабораторияда синовдан ўтказилган навларнинг хўжалик белгиларини таҳлил қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Инспекция томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Марказ тизимидаги станцияларда ғўза навларини синаш ишларида йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан кўрсатмалар бериб борилди. Хусусан, 36 та нав синаш станция ва участкаларида қонунбузилишларга йўл қўйилган бўлиб, бунинг натижасида 40 та таъсир чоралари, шундан 4 та огоҳлантирув, 33 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма, 1 та тақдимнома ва 2 та ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун судларга киритилди.

Соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

 

Н.Исмаилов – Инспекциянинг Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи

М.Курбанбаев- Инспекциянинг Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

 

Text to speech