Ассалому алайкум, Ҳурматли қишлоқ хўжалиги ходимлари ва биз учун қадрли бўлган “Ўзагроинспекция” ходимлари!
Аввало, сизларни ва сизлар орқали бутун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларини Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Аслини олганда жамиятимизнинг энг меҳнатсевар, фидойи инсонлари - бу ерга меҳр берган инсонлардир.
Бугунги кун муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”ни деб алоҳида белгилаб қўйилгани ҳам бунинг яққол мисолидир.
Дастурхонимизнинг тўкинлигини, бозорларимизнинг арзонлигини, умуман озиқ овқат хавфсизлигини таъминлашда агроинспекция ҳодимларининг ҳам бевосита ҳиссаси борлигидан беҳад фахрланамиз.
Сўнгги йилларда, том маънода қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг ўз меҳнатига муносабати тубдан ўзгармоқда. Уларнинг эркин фаолият юритиши кафолатланиб, ҳуқуқлари янада мустаҳкамланмоқда.
Бу борада Ўзагроинспекция томонидан ҳам соҳада бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Тўғридан-тўғри вазифамиз бўлган, аграр соҳадаги амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш бўйича, жорий йилнинг 11 ойи давомида ходимларимиз томонидан 57 мингдан ортиқ назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бўйича тегишли қонуний қарорлар қабул қилинди.
Бу эса етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янада сифатли бўлишига ҳамда ҳосилдорликни кўтариш эвазига ердан мўл ҳосил олиш имконини яратади.
Айниқса, Республика аҳолисини сифатли ун ва нон маҳсулотлари, сифатли ўсимлик ёғи, гўшт маҳсулотлари, мева-сабзавот ҳамда бошқа энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши устидан қатъий назорат ўрнатилгани ушбу соҳаларнинг бир меъёрда ва узулишларсиз фаолият юритиши таъминланди.
Кейинги йилларда соҳада рақамли технологиялардан фойдаланишни кенг тадбиқ этиш натижасида, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларини, биринчи навбатда трактор ва тиркамаларни рўйхатга олиш ишлари тўлиқ электрон тизимга ўтказилди. Бунинг натижасида бугунги кунда республика бўйича 272 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаларининг электрон рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, уларнинг барча техник ҳужжатлари замонавий кўринишдаги пластик карта шаклига ўтказилиб, уларни тайёрлаш учун барча туман инспекциялари сўнгги маркадаги компьютер жамланмалари билан жиҳозланди.
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини сертификациялаш йўналишида Инспекция ISTA халқаро стандарт ташкилотига аъзо бўлди.
Бунинг учун инспекциянинг уруғчилик синов лабораторияларини модернизациялаш учун 4 млн. АҚШ доллар миқдорида Жаҳон банки маблағи ҳисобидан молиялаштириш бўйича келишувга эришилди ва лойиҳа амалга ошириш 2021 йил 1 чоракдан бошланиши режалаширилди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида соҳага белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ йўл хариталари белгилаб олинган ва уни сўзсиз бажариш таъминланади.
Азиз ҳамкасблар!
Мавсум охирлаб, йил якунлари сарҳисоб қилинаётган мана шу кунларда сизларга ва сиз орқали барча қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган ходимларга доимо яхши кайфият ҳамроҳ бўлиб, яратганнинг ўзи барча ишларимизда мададкор бўлишини ният қиламан.
Ҳурматли “Ўзагроинспекция”да фаолият олиб бораётган фидойилар! Сизларни яна бир бор “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”, билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилаб қоламан!
Байрамингиз муборак бўлсин!
А.Д.ВАХАБОВ. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи