Ру Ўз O`z En

Ёғ-мой ишлаб чиқаришда сифат назоратини “Ўзагроинспекция” амалга оширади

7 Декабрь 2020 4364

2020 йилнинг 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ПФ-6094-сонли Фармони имзоланган эди.

Мазкур фармон иловасининг 7-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479-сонли “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 2-банди “а” кичик бандининг учинчи хатбошиси янги таҳрирда баён этилиши белгилаб қўйилган.

Унга кўра, пахта техник чигити ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар маҳаллий корхоналарга биржа орқали сотилиши белгиланди. Биржа савдоларида иштирок этувчи корхоналар пахта техник чигитини қайта ишловчи тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари)га эга бўлиши, шунингдек корхонада  қайта ишлаб олинган тайёр маҳсулотлар учун тегишли гигиеник хулосаси ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши шарт.

Агар маҳаллий корхонада гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатлари бўлмаса, уларни олиш олиш учун пахта техник чигити туман ёки шаҳар ҳокимининг фойдаланишга топшириш далолатномаси асосида мулкчилик шаклидан қатъий назар маҳаллий корхоналарга 5 тоннагача ҳажмда сотилади, сотиб олинган пахта техник чигитини қайта сотиш эса фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади.

Шунингдек, Президент фармони билан “Ўзагроинспекция”га корхоналарнинг пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаганлиги ҳамда уларнинг маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларига эга эканлиги устидан назоратни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амал ошириш юклатилди.

Ушбу фармон билан пахта техник чигитидан зарарсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишни таъминлаш механизми жорий этилди.

Пахта техник чигити ёғ-мой саноатининг асосий хом-ашёси туридан бири бўлиб, ундан олинган пахта ёғи аҳоли томонидан истеъмол қилинса, кунжараси эса ҳайвон ва паррандалар учун муҳим озуқа манбаи бўлиб хизмат қилади.

Мойли хом-ашё сифатида пахта техник чигити бошқа мойли ўсимликларнинг уруғлари ва мевасидан ажралиб турадиган хусусияти, унинг таркибида эрувчи пигмент, госсипол мавжудлигидир. Госсипол инсон организми учун ўта зарарли бўлган табиий полифенол моддаси бўлиб, техник чигитдан қайта ишланган пахта мойи ва кунжараси хавфсиз бўлиши учун, унинг миқдори маҳсулотлар таркибида рухсат этилган меъёрларгача камайтириш учун махсус қайта ишлаш циклидан ўтиши керак. Бундай тўлиқ циклда тозаланган пахта мойи эса муҳим ва фойдали озиқ-овқат маҳсулоти бўлиб ҳисобланади.

Маҳсулотни рафинациялаш ва дезодорациялаш нега муҳим?

Тўлиқ циклда тозаланмаган пахта мойини истеъмол қилган кишиларда жигар, ошқозон-ичак, тери касалликлари каби турли кўринишдаги ҳасталиклар авж олади. Шунингдек таркибида госсипол миқдори белгилангандан юқори бўлган кунжара билан озиқлантирилган майда қорамол ва паррандаларда ҳам турлик касалликларни келтириб чиқаради.

Госсиполнинг тирик организмларга таъсири илмий тадқиқотлар натижасида тасдиқланган бўлиб, госсипол моддаси меъёридан юқори бўлган пахта мойи истеъмол қилинганда инсон организми босқичма-босқич заҳарланиб, унинг соғлигига тиклаб бўлмас даражада зарар етади. Шунинг учун озуқа мақсадида ишлатиладиган пахта мойи, албатта, рафинацияланиши ва дезодорацияланиши муҳимдир.

“Ўзагроинспекция”га юклатилган вазифаларни амалга оширишда  тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490 сонли фармон талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Бунда пахта техник чигитини қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарнинг фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш фақат  тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга ошириш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

Текширишлар сонини камайтириш, инсофли тадбиркорлар фаолиятига ноўрин аралашишни олдини олиш мақсадида “хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали таҳлиллар ўтказилди ва қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб техник чигитни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи мавжуд корхоналардан 42 тасида корхонанинг технологик жараёнини жойига бориб ўрганишга қарор қабул қилинди.

 Жойига бориб ўрганиш самардорлигини ошириш, холисликни таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари қошида манфаатдор вазирликлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Ушбу ишчи гуруҳлар зарур методик қўлланмалар билан таъминланди.Ўрганишларда иштирок этувчи ходимлар томонидан ходимларнинг одоб-аҳлоқ талабларига риоя этиш, тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларнинг фаолиятида ўрганишда ноқонуний аралашувларга ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик бўйича суҳбатлар ўтказилиб огоҳлантирилди.

Text to speech