Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилиши соҳасида самарали ислоҳотлар олиб борилмоқда, экиладиган уруғликнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Зотан, сифатли уруғ юқори ҳосилдорлик гаровидир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 октябрдаги «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-641-сонли қарори қабул қилиниши билан уруғчилик соҳасини тартибга солувчи бир қатор низомлар тасдиқланди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан Инспекцияга берилган ваколатлардан келиб чиқиб, уруғлик пахта хом-ашёси етиштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятида 2023 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш мақсадида ўтказилган танлов натижаларига кўра 119 та хўжалик субъектларидан аризалар қабул қилиниб, шундан 96 та субъектлар танлов ғолиби деб топилди.
Вилоятда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда сифатли уруғлик чигити билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида, ҳар йили уруғлик пахта учун экилган майдонларда апробация (танлов) ўтказилади.
Ғўза апробацияси натижасида навларнинг элита ҳамда авлодли экилган майдонларида навнинг ҳақиқий нав тозалиги (навдорлиги), нав аралашмалари, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ҳамда кутилаётган умумий пахта ҳосили, шу жумладан, уруғлик пахта миқдори ва ундан олиниши кутилаётган уруғлик чигит миқдори ҳам аниқланади.
Жорий йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2023 йил 7 августдаги “Уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш тўғрисида”ги 146-сонли ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича Чиноз туманидаги Чиноз ҳудудида жойлашган “Ўринбой хожи” уруғчилик фермер хўжалиги дала шийпонида уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув-семинар ташкил этилди.
Ушбу тадбирда соҳага алоқадор барча ташкилотлар ва кластер корхона раҳбарлари ҳамда уруғлик етиштирувчи фермер хўжаликлари ва раҳбарлари иштирок этишди.
Йиғилганлар уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича тегишли билим ва кўникмага эга бўлди.