Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонуни ва қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2020 йил 14 сентябрдаги 104-сонли баёнида бир қатор топшириқлар берилган бўлиб, бугунги кунда ушбу вазифаларнинг амалдаги ижроси таъминланиши мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда.
Хусусан, мазкур топшириқлар ижроси бўйича 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзагроинспекция томонидан бир қатор назорат тадбирлари ўтказилиб, Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъулларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилиши таъминланди.
Жумладан, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармон ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан 13058 та назорат тадбирлар ўтказилиб, шундан текширишлар сони 708 та, мониторинг ўрганишлар 12449 та, аниқланган қонунбузилишлар 4106 тани ташкил этиб, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотларга 739 та тақдимнома ва 2855 та ёзма кўрсатмалар киритилди.
Шунингдек, мансабдор шахсларга нисбатан 488 та маъмурий қарорлар қабул қилиниб, ушбу соҳада ишни тўғри ташкил этиш мақсадида 12460 та жисмоний ва юридик шахслар огоҳлантирилган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик мақсадида Инспекция томонидан тузилган маъмурий қарорлар юзасидан 127,4 млн сўмлик жарималар белгиланиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Судларга 346 та, прокуратурага 56 та, бошқа органларга 2 та жами 404 та материаллар юборилди. Бундан ташқари, Инспекция томонидан киритилган тақдимномаларга асосан 62 та шахслар интизомий жавобгарликка тортилган ҳамда ваколат доирасида кўриб чиқилган маъмурий ишлар бўйича 148 та қарор қабул қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги 121-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил ҳосили учун 59 минг тонна уруғлик чигитлар Инспекция ҳузуридаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази ДУК томонидан мувофиқлик сертификати берилиши учун таҳлилдан ўтказилди. Таҳлиллар натижасида 56,7 минг тонна уруғлик чигитга мувофиқлик сертификати берилган бўлса, 494 тоннаси учун таҳлил натижалари берилиши таъминланди. Бундан ташқари, 1 минг 798 тонна уруғлик чигитлар давлат стандарти талабида лаборатория таҳлилидан ўтказилиб, экишга яроқсиз деб топилди ва тегишли тайёрлов корхоналарига маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонуни 8-моддасида “уруғликларни реализация қилишда уруғлик тўдасига берилган мувофиқлик сертификатини уруғликларнинг истеъмолчиларига (уруғликлардан фойдаланувчиларга) тақдим этиши” ва 26-моддасида “уруғликларни реализация қилишга уларнинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатлари кўрсатилган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши” белгиланган бўлишига қарамасдан айрим пахта-тўқимачилик кластер корхоналари томонидан ушбу талабларга риоя қилинмаслик ҳолатлари учрамоқда.
Хусусан, Биргина Бухоро вилоятидаги “Бухоро уруғчилик” МЧЖ ва “WBM Romitex” МЧЖ корхоналари томонидан юқоридаги қонун талаблари қўпол равишда бузилган ҳолда 202 нафар фермер хўжаликларининг 4665 гектар пахта майдонларига 166,6 тонна мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган ва лаборатория таҳлиллари натижасида номувофиқ деб топилган уруғлик чигит тўдалари реализация қилинганлиги аниқланди.
Худди шу сингари ҳолатлар Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг вилоят ва туманлар бўлимлари томонидан тегишли тартибда ўрганиш ўтказилди ҳамда тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига юборилиши таъминланди.
Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш соҳасидаги тадбирлар ҳудудларда доимий назоратга олинган бўлиб, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тегишли тартибда таъсир чоралари кўрилиши таъминланмоқда.
Неъмат Исмаилов – Иснпекциянинг Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи