Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида стратегик аҳамиятга эга сифатли уруғлик фондини яратиш, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида тўпланган тажрибалар, илм-фан ютуқлари ва инновацион технологиялар, мавжуд генетик ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда уруғчилик тизимини юқори поғонага кўтариш, ички истеъмолчиларни серҳосил нав ва дурагайларнинг сифатли ва арзон уруғликлари билан таъминлаш, экспорт салоҳиятини янада ошириш, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни турғун ошириш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш, илм-фан ютуқларини жорий этиш, янги навлар яратиш, уруғчилик тизимини ривожлантириш каби концептуал йўналишларнинг бажарилиши республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда стратегик аҳамиятга эга бўлади ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг барқарорлигини таъминлайди.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 декабрдаги (03/1-2662-сонли) топшириғи ҳамда унга ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да “Хорижий ҳамкорлар талаби асосида Давлат реестрига киритилган навларнинг уруғлик захирасини етарли миқдорда жамғариш” муҳим вазифалардан бири қилиб берилган эди.
Ушбу муҳим вазифаларнинг бажарилишида Инспекция ҳузуридаги "Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонасининг халқаро ISTA (International Seed Testing Association) ташкилоти уюшма аъзолигига эришиши ва махсус сертификатга эга бўлганлиги уруғлар экспортини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Мазкур ташкилот аъзолигига эришиш қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари ва кўчат материалларини экспорт қилишга кенг йўл очиб берилиши билан бирга, жаҳон стандарти талабларида уруғлик материалларининг сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш жараёнларида тажриба алмашиш ва замонавий методлардан хабардор бўлиб туриш имконини беради.
Юқоридаги долзарб вазифалардан келиб чиқиб, 2020 йил ҳосил йилида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига киритилган 33 та районлашган, 23 та истиқболли ва 52 та янги навлардан жами 180,3 минг тонна уруғлик пахта хом ашёси жамғарилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сонли қарори қабул қилинганидан сўнг, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар ва фермер хўжаликларига районлаштирилган ғўза навларини ихтиёрий танлаш ваколати берилди ва бугунги кунда деҳқонлар ва кластерлар томонидан кўплаб эҳтиёж билдирилаётган Султон нави жорий йилда 27 минг 738 гектар, Бухоро-102 нави 18 минг 173 гектар, Андижон-35 нав 8 минг 887 гектар, Бухоро-6 нави 7 минг 612 гектар, С-8290 нави 6 минг 260 гектар майдонда юқори авлодли уруғлик етиштириш мақсадида парвариш қилинмоқда.
Умуман олганда, 2021 йил ҳосили учун эса жами 47 та навлар, шу жумладан 23 та эртапишар, 5 та ўртапишар, 5 та ингичка толали ва 14 та янги ва истиқболли навларнинг элита ва кейинги авлодга мансуб уруғлик чигити 127,3 минг гектар майдонга экилиб, шундан 45,6 минг гектари элита, 77,6 минг гектари биринчи ва 4,1 минг гектари иккинчи авлодни ташкил қилади. Бугунги кунда ушбу уруғлик майдонларнинг 3,8 минг гектари 3-4 чинбарг фазасида, 33 минг гектари 5-6 чинбарг, 88,3 минг гектари шоналаш фазасида ривожланмоқда.
Бугунги кунда уруғлик майдонларнинг 117,4 минг гектарида яганалаш, 90,3 минг гектари ёки 71 фоизида 3-культивация, 140,5 минг ёки 1,1 марта чуқур юмшатиш, 166,9 минг гектар ёки 1,3 марта бегона ўтдан тозалаш, 176,7 минг гектар ёки 1,4 марта суспензиялаш, 123,2 минг гектарида 1-марта, 33 минг гектарида 2-марта озиқлантириш ўтказилган.
Ғўза навлари кесимидаги уруғлик пахта майдони, 2021 йил Ғўза навлари кесимидаги уруғлик пахта майдонларида олиб борилаётган агротехник ва уруғчилик тадбирлари Ўзагроинспекция томонидан назоратга олинган бўлиб, юқори сифатли уруғлик етиштириш борасида уруғлик етиштирувчи субъектлар майдонларида мониторинг ўтказиш тадбирлари давом эттирилмоқда.
Неъмат Исмаилов, Инспекциянинг Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи