Ру Ўз O`z En

2021 йилда суғориладиган 200 минг гектар майдонлар лазерли ускуна ёрдамида текисланади, у қандай самарадорликка эга?

2 Апрель 2021 3099

Сўнгги икки йилда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур масала давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги натижасида 2020 йилнинг ўзида қўшимча 133 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.

Бироқ, тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари» тўғрисидаги ПҚ-4919-сон Қарори қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларининг самарадорлигини ошириш, суғориладиган майдонларни сув билан барқарор таъминланишига эришишни кўзда тутади.

Жумладан, 2021 йилда суғориладиган 200 минг гектар майдонларни лазерли ускуна ёрдамида текислашни ташкил этиш учун 2021 йилдан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланди.

Инспекция томонидан ҳам белгиланган муайян вазифалар ижроси таъминланиб келинмоқда. Жумладан, 2021-2023 йилларда Республикада лазер назоратли ер текислагичлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш йўл харитасига мувофиқ 2021 йил 31 март ҳолатига республика бўйича мавжуд 696 дона (шундан 415 донаси 2020-2021 йилда харид қилинган) лазер назоратли ер текислагичлар хатловдан ўтказилиб, мул эгалари бўйича аниқлик киритилди.

Мавжуд лазер назоратли ер текислагичларнинг 436 донаси фермер хўжаликларига, 196 донаси Кластер корхоналарига, 33 донаси “ЎзАгросервис” АЖнинг ҳудудий бўлинмаларига ҳамда 31 донаси бошқа субъектларга тегишли бўлиб, барчаси соз холатда жорий йилги мавсумга жалб этилмоқда.

Инспекциянинг электрон базасида республикадаги барча турдаги қишлоқ хўжалик техникалари, шу жумладан лазер назоратли ер текислагичлар тўғрисида маълумотлар (сони, мулк шакли, ёши, техник ҳолати ва ҳ.к) шакллантирилди.

Лазерли текислагич ёрдамида текисланган дала майдонида сув ва бошқа озуқа моддаларнинг бир хил тақсимланиши боис, барча турдаги экинларнинг яхши ривожланиши учун имконият яратилади.

Экин экиладиган майдонни лазер назоратли ер текислагичлар билан текислаш қуйидаги асосий натижаларни таъминлайди:

-        суғориш суви сарфи 20-25 фоизга тежалади;

-        сувдан фойдаланиш самарадорлиги 30-40 фоизга ортади;

-        суғоришга кетадиган вақт, ишчи кучи ва энергия тежалади;

-        экинлар бир вақтда текис униб чиқади ва пишиб етилади;

-        экинлар озуқа моддалар ва намлик билан бир хил таъминланади;

-        бегона ўтлар миқдори камаяди;

-        экин турига қараб қўшимча 5-10 ц/га ҳосил олишга эришилади;

-        маҳсулотни экспорт қилиш салоҳияти янада ортади; 

Дала майдони текислиги қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда суғориш суви, ўғитлардан самарали фойдаланиш, энергия-ресурслар сарфини тежаш, экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олиш имконини таъминлашини жуда яхши англаган миришкорлар текислаш ишларини аллақачон бошлаб юборганлар.

Шунингдек, Инспекция томонидан бугунги кунда қишлоқ хўжалик техникаларини ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ҳамда импортер корхоналар билан маълумотлар алмашуви йўлга қўйилиб, жойларга етказиб берилаётган техникалар назоратга олинган ва ўрнатилган тартибда Давлат рўйхатига олиш ишлари давом эттирилмоқда.

Шавкат Равшанов, "Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаси ҳолатини назорат қилиш бўлим бошлиғи

Text to speech