Келгуси йил ҳосили учун Республика бўйича 1 млн 30 минг гектардан зиёд, шундан 273,6 минг гектар очиқ майдонларда ҳамда 756,8 минг гектар ғўза қатор орасига кузги бошоқли дон экиш ишлари давом этмоқда.
Ҳукуматимизнинг амалий ёрдами билан кузги бошоқли дон экинларини экишга ер тайёрлаш ва экиш учун зарур бўладиган ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит, маблағ масаласи ва бошқа моддий ресурслар таъминоти ҳал этилган бўлиб, ғалла экиш ишларини оптимал муддатларда якунлаш чоралари кўрилмоқда.
Бугунги кунда кузги бошоқли дон экинларини экиш учун 445 минг гектар ёки 43 фоиз майдонларда ер тайёрлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, 359 минг гектар ёки 35 фоиз майдонларда экиш амалга оширилиб, пешма-пеш 94 минг гектар майдонлар суғорилди.
Мавсумда 1 минг 17 та ғалла экиш сеялкалари ва 6 минг 403 та ғўза қатор орасига экиш мосламалари жалб этилиб, уларнинг иш унумидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.
Ғалла экиш учун ер тайёрлаш билан бирга гектарига физик ҳолда 200 кг.дан фосфорли ва 50 кг.дан калийли минерал ўғитларни берилиши Инспекция ходимлари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ўзагроинспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан бу йилги кузги бошоқли дон экинларини экишни ташкил қилиш билан боғлиқ барча тадбирларни ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши назоратга олиб борилмоқда.
Мисол учун, мавсум давомида ғалла экишни ташкил қилишда 3 700 та хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан:2 484 та фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан 15 минг гектардан зиёд майдонларни ер тайёрлаш ишларини сифатсиз бажарилганлиги;391 та фермерлар томонидан 2,0 минг гектарга яқин майдонларда ғаллани саёз ва сифатсиз экилганлиги;
116 та фермерлар ва кластерлар томонидан 1,6 минг гектар майдонда экиш билан бирга фосфорли ўғитлар ҳамда 595 та фермерлар томонидан 5,5 минг гектар майдонга калийли ўғитлар берилмаганлиги;
ёқилғи-мойлаш материалларида узилишлар ёки ўз вақтида етказиб берилмаганлиги туфайли 94 та фермер хўжалигининг 0,7 минг гектар майдонлари экиш ишлари муддатидан кечиктириб ўтказилганлиги аниқланди.
Кузги бошоқли дон экишни ташкил қилишда юқорида қайд этилган салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида: туман ҳокимликларига, тегишли ташкилотларга 244 та тақдимномалар киритилди; шунингдек, фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларига 389 та ёзма кўрсатмалар ҳамда 3 минг 32 та огоҳлантиришлар берилди;
ғалла экишга ер тайёрлаш ва экишда агротехник тадбирларни қўпол равишда бузган 23 та фермер хўжаликларига (11 млн.сўм) нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.
“Ўзагроинспекция”нинг барча ҳудудий бошқармалари ва туманлар бўлимлари томонидан ғалла экишга ер тайёрлаш ва экиш мобайнида ўтказиладиган барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши назоратга олиб борилади.
“Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси