Ру Ўз O`z En

2022 йил ғалла мавсумида иштирок этадиган ғалла ўриш комбайнлари шай ҳолатга келтирилмоқда

27 Апрель 2022 2584

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳалар қатори ғаллачиликни ривожлантиришда ҳам юксак самаралар бермоқда.

Жорий йилда етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай, қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш учун ўрим-йиғимга пухта тайёргарлик кўриш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эгадир.

Республикадаги мавжуд бўлган ғалла ўриш комбайнларини сифатли таъмирлаш ишларига ҳам бу йил ҳар йилгидан эртароқ киришилган.

Етиштирилган ғаллани нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш учун 2022 йилда жами 3246 дона ғалла комбайнлари қатнашиши режалаштирилган ва уларнинг барчаси ҳудудлардаги “Ўзагросервис” АЖнинг тумандаги “Агросервис МТП” МЧЖларга йиғилган бўлиб, ҳозирда таъмирлаш ишлари якунланмоқда.

Мавсумга жалб этиладиган ғалла ўриш комбайнларининг 785 донаси “Агросервис МТП” МЧЖларга605 донаси “Кластерларга” 1465 донаси фермер хўжаликларига ва 391 донаси бошқа турдаги хўжалик юритувчи субъектларга тегишлидир.

Мавсумда қатнашадиган ғалла ўриш комбайнларини таъмирлаш учун зарур эҳтиёт қисмлар “Ўзкейссервис” ҚК ва “Ўзклаассервис” корхоналарининг ходимлари томонидан ўрганилиб чиқилган бўлиб, таъмирлашга талаб этиладиган 88 359,1 млн.сўмлик маблағи ҳисоб-китоб қилинган.

Комбайнларни таъмирлаш учун керакли эҳтиёт қисмлар таъминот корхоналаридан ўз вақтида етказиб берилган ва сифатли таъмирлаш ишлари “Ўзагроинспекция” ва Ички ишлар вазирлиги томонидан доимий назоратга олиниши натижасида шу кунга 2108 донаси ёки 66 фоизи таъмирдан чиқарилган. Жумладан, Андижон ва Бухоро вилоятларида 74 фоиздан, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 85-88 фоиздан, Наманган вилоятида

96 фоиз комбайнларнинг таъмирлаши амалга оширилган бўлса, Хоразм вилоятида 100 фоиз комбайнлар таъмирдан чиқарилган.

Таъмирдан чиқарилган комбайнларни “Ўзагроинспекция” ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган ва туман ҳокимликлар томонидан тасдиқланган махсус комиссиялар иштирокида мавсумда бетўхтов ишлаши учун таъмирлаш сифатига алоҳида эътибор берилиб, комбайнларнинг   1648 донаси қабул қилиб олинган.

Ғалла ўриш комбайнларининг барчаси замонавий юқори унумли комбайнларни ташкил этиб, эски русумдаги ғалла ўриш комбайнларини далага киритиш қатъий тақиқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқларига асосан 2022 йил ғалла ўрими мавсумида иштирок этадиган комбайнларни таъмирлашни якунлаш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилиб борилмоқда ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма ва тавсиялар берилган.

"Ўзагроинспекция"нинг Техникалар ҳолатини назорат қилиш бошқармаси

Text to speech