Айни кунларда далаларда келгуси йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экишга тайёрлаш ва ғалла экиш ишлари авж паллада.
Хусусан, 2022 йил ҳосили учун экиладиган кузги бошоқли дон экинларини экиш, экишга ер тайёрлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида, Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан доимий назорат ўрнатилган.
Вилоятда, 2022 йил ҳосили учун 103 минг 845 гектар сувли майдонларга бошоқли дон экинларини экиш режалаштирилган бўлиб, шундан 32 минг 384 гектари очиқ майдонга, 71 минг 461 гектари ғўза қатор орасига экилиши белгиланган.
Шу билан бирга, вилоят туманларида жами 242 та ғалла экиш отрядлари ташкил этилган бўлиб, ҳар бир отрядга масъул малакали мутахассислар бириктирилган.
Жумладан, 2022 йил ҳосили учун экиш ва ер тайёрлаш ишларига 479 дона ҳайдов техникалари ҳамда 623 дона экиш техникалари қатнашиши белгиланган бўлиб, шундан 107 донасини замонавий юқори унумли дон экиш сеялкалари ва 516 донасини ғўза қатор орасига дон экиш учун мўлжалланган мосламалар ташкил этади.
Мазкур техникалар марказлашган ҳолда йиғилиб тўлиқ таъмирдан чиқарилган бўлиб, ушбу техникаларга Инспекциянинг туман бўлимлари томонидан мавсумда қатнашиш учун мувофиқлик сертификатлари берилган.
Тошкент вилоятида, бугунги кунга қадар 32 минг 384 гектар очиқ майдоннинг 13 минг 517 гектарида ер тайёрлаш ва 12 минг 709 гектарда ғаллани экиш ишлари амалга оширилди.
Инспекциянинг туман бўлимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 61 гектарда ер тайёрлаш ишларини кесакли ва сифатсиз ўтказилганлиги, 39 гектарда ғаллани юзага ва сифатсиз экилганлиги аниқланиб, аниқланган камчиликлар юзасидан вилоятнинг барча туман ҳокимликларига, вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасига ва ғаллачилик кластерларига жумладан, “ТСТ Агро кластер” МЧЖ, “Мелек Агро Дон” МЧЖ, “Нурли Диёр Агро” МЧЖ ва “Ал Басир Парранда Голд” МЧЖларга ёзма кўрсатма ҳамда тақдимномалар киритилди.
С.Садиков, Инспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи
Э.Зиёдуллаев, Инспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси инспектори