Ру Ўз O`z En

2022 йил ҳосили учун парвариш қилинаётган ғалла майдонларига маҳаллий ўғит жамғариш ишлари Инспекция назоратида

31 Январь 2022 1507

Республикамизда жорий йил ҳосили учун 1 млн 30 минг 464 гектар сувли майдонларда бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда.

Бугунги кунда, ушбу ғалла майдонларининг 213 минг гектари 3-4 барг ва 817 минг гектари туплаш фазасида ривожланмоқда.

Айни пайтда, бошоқли дон экилган далаларда энг асосий қишки агротехник тадбирлардан бири бу–маҳаллий ўғит жамғариш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Кузги бошоқли дон экинларининг ҳосилдорлиги ҳамда тупроқ унумдорлигини оширишда маҳаллий ўғитларнинг аҳамияти беқиёс.

Кўп йиллик ғалла етиштириш тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда  ҳамда соҳа олимлари тавсияларига кўра, ғалла майдонларининг гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш, шунингдек ғалла майдонларининг сув кириш қулоқларини ҳар 5 гектарига бир донадан шарбат ўралар қазиб, маҳаллий ўғит билан тўлдириш ва ғаллани баҳорги 1-суғоришга тайёрлаш тадбирлари ташкил қилинмоқда.

Бу борада, Инспекциянинг вилоят бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан жойларда ғалла парваришида мазкур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Жумладан, ҳудудий инспекторлар томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан мавсум бошидан буён 2 млн 29 минг тонна маҳаллий ўғит жамғарилганлиги ҳамда 160 минг дона шарбат ўралар тайёрлаш ишлари амалга оширилганлиги аниқланди.

Бироқ, ушбу муҳим тадбирларга бир қатор ҳудудларда етарлича эътибор қаратилмаётганлиги маълум бўлди.

Мисол учун, январь ойи давомида ғалла майдонларининг ҳар гектарига

3 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш белгиланган бўлиб, бугунгача 750 минг тоннага яқин (24%) маҳаллий ўғит чиқарилган бўлса, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 18 фоиз, Андижон, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё вилоятларида

20-22 фоиз атрофида маҳалий ўғит чиқарилган. Хўжаобод, Қўрғонтепа, Шаҳрихон, Шеробод, Қизириқ, Оқолтин, Сардоба, Ш.Рашидов, Бекобод, Бўка, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Боғдод, Фарғона, Данғара, Қўштепа каби туманларда январь ойининг ўтган даври мобайнида 14-18 фоиз атрофида маҳаллий ўғит чиқарилган, холос.

Ғалла майдонларида амалга оширилган агротехник тадбирларни бажарилиши устидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида, хато-камчиликларга йўл қўйган фермер хўжаликларига 6 минг 529 та огоҳлантиришлар, 4 минг 248 та ёзма кўрсатма ҳамда маҳаллий ҳокимликларга 267 та тақдимномалар берилиб, айбдорларга нисбатан 77 та маъмурий жазо чоралари қўлланилди. 

Ҳудудларда ғалла парваришида амалга оширилаётган барча агротехник тадбирлар Инспекция томонидан доимий назорат олиб борилади.

Инспекциянинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси

Text to speech