Ру Ўз O`z En

2023 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳнома, тракторчи-машинист гувоҳнома ва давлат рақам белгиси ҳақиқий эмас деб ҳисобланади

15 Декабрь 2022 9246

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил  17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли қарорига асосан эски намунадаги барча техник паспорт ва техник гувоҳнома, тракторчи-машинист гувоҳномаси ҳамда давлат рақам белгисини алмаштириш муддати 2022 йил 31 декабргача бўлиб,  2023 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги ушбу ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланган.

Мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида жами 33 минг 601 дона қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг электрон базаси шакллантирилди. Шундан, 25 минг 22 дона қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари янги намунадаги техник паспорт, техник гувоҳнома ва давлат рақам белгилари билан таъминланди.

    -Қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 11 минг 233 дона эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаси, техник паспорт ва техник гувоҳномалар алмаштирилиши мўлжалланмоқда.

   Ҳусусан, 2 минг 654 дона тракторчи-машинист гувоҳномаси, 8 минг         579 дона техник паспорт ва техник гувоҳномалари алмаштирилади.

Шундан, Пастдарғом туманида 2 минг 92 дона, Булунғур туманида                        1 минг 384 дона, Каттақўрғонда 1 минг 140 дона, Иштихонда 797 дона, Нарпай туманида 693 дона Тойлоқ туманида 688 дона эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаси, техник паспорт ва техник гувоҳномасини янги намунадаги пластик кўринишга эга бўлганларига алмаштириш тадбирлари ўтказилмоқда. 

Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари соҳавий инспекторлари томонидан ҳудудлар кесимида мониторинг тадбирлари ўтказилиб, амалга оширилган ишлар кунлик таҳлил қилинмоқда.

Жисмоний ва юридик шахслар эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаси, техник паспорт ва техник гувоҳномани янги намунадагисига алмаштириш юзасидан огоҳлантирилмоқда, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Шахриддин Бутунов.

Яна бир гап: Юқоридаги қарорга асосан, 2023 йилнинг 1 январдан бошлаб, эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаси, техник паспорт ва техник гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилади ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан, маъмурий жавобгарлик белгиланади.

 

Абдували Худоёров, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори

Text to speech