Бугунги кунда амалга оширилиши лозим бўлган энг асосий агротехник тадбирлардан бири – ерларни текислаш ва пушта олиш ишларидир.
Хусусан, ер текислаш ва пушта олиш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши ҳисобига, эрта баҳордаги агротехник тадбирлар қисқаради, ер етилиши билан чигит экишга эрта имкон яратилади, шунинг ҳисобига ёқилғи-мой сарфи тежалади, сув танқис йиллари экиш олдидан суғориш ўтказиш учун баҳорда жўяк олиш ишлари сони камаяди.
Жорий йилда Республика ҳудудларида 645 минг 198 гектар майдонда ер текислаш ва 301 минг 374 гектар майдонда пушта олиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Республика ҳудудларида бугунги кунгача 462 минг гектар ёки 71 фоиз майдонда ер текислаш ҳамда 129 минг гектар ёки 43 фоиз майдонларда пушта олиш ишлари амалга оширилди.
Инспекция томонидан ҳудудларда ер текислаш ва пушта олиш ишларини амалга оширилишида 308 минг 489 гектар майдонда назорат тадбирлари ўтказилиб, назорат тадбирлари давомида 2672 та фермер хўжаликларининг 30 минг 545 гектар ер майдонларида ушбу тадбирлар сифатсиз бажарилганлиги аниқланди.
Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриш учун соҳага масъул бўлган ташкилот ва идораларга 9 та тақдимномалар киритилди, шу билан бирга, сифатсиз ер текислаш ва пушта олиш ишларини амалга оширган 2 974 та фермер хўжаликларига огоҳлантиришлар берилди.
“Ўзагроинспекция” Қишлоқ хўжалигида
агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими