Ру Ўз O`z En

2024-йил ҳосилидан қабул қилинган товар буғдойни сифати, синфи ва низоли ҳолатлар «Ўзагроинспекция» назоратида

12 Июль 2024 322

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 июнидаги “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли қарорнинг 1-иловасига асосан жами 108 та, шундан «Ўздонмаҳсулот» АКга қарашли 28 та дон қабул қилиш шохобчалари ва корхоналарига, 15 та хусусий корхоналарга ҳамда 65 та кластерларга 2024 йил ҳосилидан жами 2 млн. 350,0 минг тонна, шундан вақтинчалик сақлаш (биржа)га 1 млн. 513,0 минг тонна ва давлат захирасига (жамғармага) 837,0 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида қабул қилиш белгиланган.

Мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва белгиланган муддатларда таъминлаш мақсадида Ўзагроинспекциянинг 2024 йил 14 июнда УМ-31-24-сонли буйруғи қабул қилиниб, Республика, ҳудудий ва мобил Ишчи гуруҳлари ташкил қилинди.

Хусусан, ҳудудий бошқармалар ва “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасасининг жойлардаги мутахассислари билан биргаликда: Ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган донни фақат мувофиқлик сертификати асосида қабул қилиниши назорат қилиб борилди; корхоналарга бириктирилган ходимлар томонидан қабул қилинаётган товар дон сифатини ўрганиш юзасидан олинган намуналар тўғри олиниши ва ўз вақтида расмийлаштирилиши ҳамда корхоналар лабораторияларида таҳлиллар тўғри қилиниши кунлик назорат қилинди; Жорий йилнинг 11 июль ҳолатига жами 2 млн. 548 минг 498 тонна ёки шартномавий режага нисбатан 108,4 фоиз буғдой жамғарилган бўлиб, шундан вақтинчалик сақлаш (биржа)га 1 млн. 706 минг 315 тонна (112,8 %), давлат захираси (жамғарма)га 842 минг 183 тонна (100,6 %) буғдой қабул қилинди.

Давлат захирасига ва вақтинча сақлашга қабул қилинган қабул қилинган жами 2 млн. 548 минг 498 тонна буғдойнинг 2 млн. 365 минг 506 тоннаси ёки 92,8 фоизи 3-синфни, 5 минг 963 тоннаси ёки 0,2 фоизи 4-синфни ва 177 минг 29 тоннаси ёки 7,0 фоизи 5-синфни ташкил этди.

Қабул қилинган буғдойнинг ўртача сифат кўрсаткичлари намлиги 12,58 фоизни, ифлослиги 3,21 фоизни, дон аралашмаси 5,32 фоизни, натура оғирлиги 751 гр/лни ва клейковина миқдори 23 фоизни, сифати (ИДК кўрсаткичи) II-III группани, шаффофлиги 51 фоизни ташкил қилади.

Дон корхоналари томонидан қабул қилинган буғдой учун 5 минг 210 тонна ёки 0,2 фоиз устама, 25 минг 230 тонна ёки 1,0 фоиз чегирмалар ҳисобланган.

Ғалла ҳосилини қабул қилишда вужудга келган жами 340 та низоли масалалар жойида ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилиб, шундан кластерлар ва фермер хўжаликлари фойдасига 259 та ёки 76 фоиз ва дон қабул қилувчи корхоналар фойдасига 81 та ёки 24 фоиз мурожаатлар ҳал этилди.

Ғалла мавсумида республика Ишчи гуруҳи томонидан қабул қилинаётган товар буғдойни синфлари бўйича таҳлиллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига маълумот киритиб борилди.

Text to speech